Покистон "Karachi Industrial Park"да Ўзбекистон корхоналари учун алоҳида саноат-логистика блокини ташкил этишни таклиф қилмоқда
Сентябрь 08, 2026. 19:10 • 3 дақ
• 132
КАРАЧИ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Карачи шаҳрида Покистон Саноатни ривожлантириш корпорацияси мутасаддилари ва “Bin Qasim Industrial Park” директори Жавед Ахмед билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон корхоналарининг Покистондаги махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиши, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Карачи денгиз портларининг логистика салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Покистон орқали учинчи давлатларга, хусусан, Африка мамлакатлари бозорларига экспорт қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Покистон томони Ўзбекистоннинг иқтисодий зоналарни ташкил этиш бўйича тажрибаси ва бундай ҳудудларда хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик базасини ўрганишга катта қизиқиш билдирди.
Шундан сўнг, Покистон Саноатни ривожлантириш корпорацияси вакиллари “Bin Qasim Industrial Park”нинг инфратузилмаси, инвестициявий имкониятлари ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларига бағишланган тақдимот ўтказди.
Маълум қилинишича, мазкур саноат парки 400 гектардан зиёд майдонни қамраб олади ва “Port Qasim” денгиз портидан атиги 6 километр масофада жойлашган. Парк миллий автомобиль ва темир йўл тармоқларига яқинлиги, шунингдек, Карачи халқаро аэропорти ҳамда Покистоннинг асосий транспорт-логистика йўлакларига қулай чиқиш имконияти билан ажралиб туради. Айни пайтда парк ҳудудида автомобилсозлик, электроника, металлургия ва бошқа саноат тармоқларига ихтисослашган қатор йирик корхоналар фаолият юритмоқда. Мазкур омиллар саноат кооперациясини йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароит яратади.
Шунингдек, учрашувда Покистон Саноатни ривожлантириш корпорацияси томонидан амалга оширилаётган янги “Karachi Industrial Park” лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Покистон томони “Karachi Industrial Park” ҳудудида ўзбек корхоналари учун алоҳида саноат-логистика блокини ташкил этиш имконияти мавжудлигини билдирди. Бундай ёндашув Ўзбекистон компанияларининг Покистон бозорига кириб бориши, маҳаллий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириши ҳамда минтақавий экспорт занжирларига интеграциялашуви учун қўшимча имкониятлар яратади.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг иқтисодий зоналарни ташкил этиш бўйича тажрибасини ўрганиш, саноат кооперацияси, инвестицияларни жалб этиш, логистика ва экспорт йўналишларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суришга қаратилган мулоқотларни давом эттириш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси