Новосибирскда Ўзбекистон маҳсулотлари шоу-руми ҳамда Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари савдо уйлари ташкил этилиши мумкин
Июль 07, 2025. 14:05 • 2 дақ
• 150
НОВОСИБИРСК, 7 июль. / "Дунё" АА/. Новосибирск вилоятида Ўзбекистон-Новосибирск бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форум мамлакатимиз Бош консулхонаси, Новосибирск вилояти Экспортни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Сибир, Урал ва Узоқ Шарқ инвесторлари клуби ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари расмийлари ва тадбиркорларидан иборат юртимиз делегацияси, шунингдек, Новосибирск вилоятининг ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Иқтисодий анжуманнинг ялпи мажлисида сўзга чиққан Новосибирск вилояти саноат, савдо ва тадбиркорликни ривожлантириш вазири ўринбосари Дмитрий Гришунин ҳудуднинг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров ўз навбатида, новосибирсклик тадбиркорларга хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, жумладан, "Қўқон" ЭИЗ ҳудудидаги имкониятлар, Ўзбекистон бозорига кириш шартлари ва тартиби ҳақида маълумот берди.
Новосибирск вилояти ишбилармон доиралари вакиллари қишлоқ хўжалиги, металлургия, кимё саноати, иситиш қозонлари ишлаб чиқариш, тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш каби йўналишларда ўз бизнес-лойиҳаларини тақдим этдилар.
Бизнес-форум давомида, новосибирсклик тадбиркорларнинг маҳсулотларини "Термиз" эркин иқтисодий зонаси орқали Афғонистонга етказиб бериш бўйича ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар жорий йил ноябрь ойида "Термиз" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Новосибирск вилоятининг алоҳида кўргазма павильонини очиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича барча зарур масалаларни ҳал қилиш учун Сурхондарё вилоятига бизнес-миссия ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Новосибирскда чакана ва улгуржи савдога мўлжалланган, доимий фаолият кўрсатувчи шоу-румини ҳамда Фарғона ва Сурхондарё вилоятларининг савдо уйларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Иқтисодий форум якунида Россия томони билан биргаликда мамлакатимиз маҳсулотлари ва хомашёларининг электрон платформасини яратишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади