Logo

Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида доимий мулоқот қилиш платформаси яратилади

Декабрь 03, 2024. 06:27 • 2 дақ

157
Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида доимий мулоқот қилиш платформаси яратилади

ЛАҲОР, 3 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев покистонлик таниқли тадбиркор – "Ejaz Group" ва "Lake city" компаниялари раҳбари Гоҳар Эжаз билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда, шунингдек, "Hilton Pharma", "Fatima Group", "Sheikhpura textile mills" компаниялари ва "Askari bank" банки раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Музокаралар чоғида мамлакатимизнинг тўқимачилик, фармацевтика, кўчмас мулк, банк-молия ва қурилиш соҳаларига Покистон инвесторларини жалб қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Гоҳар Эжаз Ўзбекистон Президентининг минтақавий боғлиқликни қайта тиклаш, иқтисодий интеграция жараёнларини жадаллаштириш, умумий фаровонликка эришиш борасидаги стратегик ташаббусларининг тўлиқ тарафдори эканлигини эътироф этди.

"Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2023 йилги саммитида иштирок этиш учун Тошкентга ташрифимни ва делегациямизнинг Ўзбекистон Президенти билан учрашувини илиқ таассуротлар билан эслайман. Ўзбекистон Президентининг ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш ташаббусини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни сафарбар этамиз", деди "Ejaz Group" раҳбари.

Давлатларимиз ўртасида ўзаро савдо ҳажмларини янада оширишга қаратилган чоралар, жумладан, транспорт-логистика ва банк соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар хусусида фикр алмашилди.

Покистонлик тадбиркор икки томонлама инвестицион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ўзаро манфаатли соҳаларда фаолият юритувчи йирик бизнес вакиллари орасида бевосита мулоқот платформасини яратишни таклиф этди. Шу мақсадда келгуси йилнинг биринчи чорагида 10 нафар йирик ишбилармонлардан иборат делегациясининг Ўзбекистонга сафари уюштирилиши билдирилди.

Бундан ташқари, 2025 йилда Ўзбекистонда "Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар уюшмаси" (APTMA) филиали очилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш