Польшанинг Куявия-Померания воеводлиги ва Жиззах вилояти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Май 03, 2025. 11:00 • 2 дақ
• 65
ВАРШАВА, 3 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ишчи сафари билан Польшанинг Куявия-Померания воеводлигига бордилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Сафар давомида Ўзбекистон ҳудудлари ва Куявия-Померания воеводлиги ўртасидаги ҳамкорликни барча соҳаларда ривожлантириш мақсадида воеводлик маршали ўринбосари Збигнев Островски, Польша ҳукумати вакили – воевода Михал Штибел, Торун шаҳар мэри Павел Гулевски ва Бидгош шаҳар мэри Рафал Бруский билан музокара ўтказилди.
Музокара чоғида Жиззах вилояти ва Куявия-Померания воеводлиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 21-23 май кунлари Торун шаҳрида "Халқаро ҳамкорлик моделларининг хилма-хиллиги ва тасаввур қилинаётган келажак" мавзусида ўтказиладиган ХII Халқаро Осиё конгрессида Ўзбекистон томонининг фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши ҳамда анжуман доирасида бизнес-форум ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Ўзбекистон дипломатлари Бидгош саноат ва технология парки директори Роберт Пиатковский ҳамда қатор маҳаллий тадбиркорлар билан алоҳида учрашув ўтказдилар. Польша вакилларига Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон-Польша икки томонлама муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ҳудудлараро ҳамкорлик йўналишлари, шунингдек Жиззах вилоятидаги иқтисодий ва инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот берилди.
Польшанинг "Atos Poland Global Services" ва "LES Higiena" компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган музокаралар якунига кўра, Ўзбекистонда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Куявия-Померания воеводлиги Польшанинг шимоли-марказий қисмида жойлашган. Ҳудуд озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, кимё, электротехника, транспорт ва коммуникация каби етакчи тармоқлар ривожланган марказ ҳисобланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси