Ўзбекистон элчиси Покистоннинг йирик тўқимачилик компанияси раҳбари билан учрашди

Май 21, 2026. 15:55 • 2 дақ

86
Ўзбекистон элчиси Покистоннинг йирик тўқимачилик компанияси раҳбари билан учрашди

ЛАҲОР, 21 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрига ташрифи доирасида Покистоннинг йирик тўқимачилик компанияларидан бири “Style Textile” компанияси ижрочи директори Шаҳзад Асгар Али билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, фаолияти тўхтаган ёки паст қувватда ишлаётган корхоналарни қайта тиклаш ва самарали бошқарув механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида саноат кооперацияси, инвестициявий ҳамкорлик ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, тўқимачилик соҳасига замонавий технологиялар, илғор бошқарув тажрибаси ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини жалб этиш Ўзбекистон енгил саноати ривожига муҳим туртки бўлиши қайд этилди.

Учрашувда дипломатик ваколатхона раҳбари Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имкониятлари ҳақида маълумот берди. Покистон томонига тўлиқ харид қилиш ёки бошқарувга олиш учун таклиф этилаётган, фаолияти тўхтаган ёки паст қувватда ишлаётган 29 та тўқимачилик корхонаси хусусида сўз юритилди.

Ўз навбатида, “Style Textile” ижрочи директори Шаҳзад Асгар Али Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдириб, ишончли ҳамкорлар билан аниқ музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистондаги қулай инвестициявий муҳит ва мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишиш, тўқимачилик корхоналарини самарали бошқарувга олиш бўйича бизнес-стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадида “Style Textile” делегацияси ташрифини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилди.

Дастлабки босқичда муҳокама қилинган таклиф ва ташаббусларни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти билан видеоконференцалоқа шаклида муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди.

1992 йилда ташкил этилган “Style Textile” компанияси хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ вертикал интеграциялашган ишлаб чиқариш тизимига эга йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Компаниянинг Лаҳор шаҳрида жойлашган бешта йирик ишлаб чиқариш мажмуасида 47 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади.

Бугунги кунда компания “Adidas”, “Nike”, “Reebok”, “Levi’s”, “Zara”, “GAP”, “Hurley”, “Tom Tailor” каби машҳур халқаро брендлар учун маҳсулот ишлаб чиқариб, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш