Ўзбекистон элчиси амалий ташриф билан Россиянинг Пенза вилоятига борди
Январ 29, 2025. 10:25 • 2 дақ
• 147
ПЕНЗА, 29 январь. /"Дунё" АА/. Элчи Ботиржон Асадов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Пенза вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар чоғида Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов Пенза вилояти губернатори Олег Мельниченко билан учрашди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. 2024 йилда Пенза вилоятининг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 40 фоизга ошгани қайд этилди. Пенза вилоятида 50 дан ортиқ корхона ва компаниялар Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда фаолият юритаётгани маълум қилинди.
Губернатор Олег Мельниченко жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда "ИННОПРОМ-Марказий Осиё" тадбири бўлиб ўтишини ва унга Пенза вилояти корхоналари раҳбарлари делегацияси ташрифи режалаштирилганини билдирди. Қайд этилишича, форумда доирасида Самарқанд вилояти билан ҳамкорлик шартномалари имзоланиши режалаштирилган.
Элчи Бахтиёр Асадов ўз навбатида, Ўзбекистон бизнеси мебель саноати, қишлоқ хўжалиги, савдо, шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим соҳаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Пенза вилояти Тошкент ва Андижон вилоятлари билан, 2024 йилда эса Бухоро вилояти билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаган эди. Ҳужжатларни имзолаш маросими Тошкентда, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги тўртинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форумида бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси пензалик тадбиркорлар билан В2В форматида музокаралар олиб борди. Пенза вилояти Савдо-саноат палатасида ўтказилган тадбирда вилоятдаги 39 та корхона раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, Пенза давлат университетига ташриф буюриб, бу ерда таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашув ўтказди. Ҳозирги кунда Пенза вилоятидаги олий таълим муассасаларида 36 нафар юртдошимиз таълим олмоқда Улардан 16 нафари Пенза давлат университети талабаларидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси