Сирдарё вилояти ва Венгриянинг Бекеш провинцияси ўртасида ҳамкорлик бўйича янги йўналишлар белгиланди
Апрель 06, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 216
БУДАПЕШТ, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов бошчилигидаги дипломатик миссия вакиллари Венгриянинг Бекеш провинциясига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бекеш минтақаси Венгриянинг муҳим қишлоқ хўжалиги маркази ҳисобланиб, мамлакатда донли экинлар, маккажўхори, кунгабоқар ва сабзавотлар етиштириш ҳамда қайта ишлаш саноатида етакчи ўрин тутади. Қулай географик жойлашуви ва ривожланган инфратузилмаси туфайли ушбу ҳудуд Европа Иттифоқининг савдо-логистика жараёнларида фаол иштирок этади.
Ташриф давомида провинция раҳбарияти, Минтақавий ассамблея ва Савдо-саноат палатаси вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Венгрия томони ўзбек делегациясининг ташрифи амалий шерикликнинг янги йўналишларини очишда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.
Тадбир доирасида Сирдарё вилояти ва Бекеш провинцияси ўртасидаги савдо-инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан мулоқот ташкил этилди. Унда венгриялик ишбилармон доира вакиллари иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика, саноат ва маданий алмашинув соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро ташрифларни ташкил этиш, бизнес-форумлар ўтказиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаш бўйича келишувга эришди.
Мазкур ташаббуслар Сирдарё ва Бекеш ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятини бирлаштириш орқали икки мамлакат фаровонлигига хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси