Ўзбекистон ва Туркия “Сарп” чегара пунктида ҳайдовчилар учун тартибларни соддалаштиришга келишиб олди
Апрель 07, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 90
ИСТАНБУЛ, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Туркиянинг Артвин провинциясида жойлашган “Сарп” халқаро назорат-ўтказиш пунктига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур чегара пункти Туркия ва Грузия ўртасидаги энг фаол транзит нуқталаридан бири бўлиб, Марказий Осиёдан Европага ва Қора денгиз портларига юкларни ташишда стратегик роль ўйнайди. Статистик маълумотларга кўра, ўтган йил якунлари бўйича ушбу пункт орқали Ўзбекистонга тегишли 3 мингга яқин юк автомобили ҳаракатланган.
Ташриф давомида ўзбек дипломатлари божхона пости раҳбарияти ва чегара полицияси вакиллари билан учрашди. Мулоқот чоғида чегарани кесиб ўтиш жараёнларини тезлаштириш, рақамлаштириш даражаси, юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва ҳайдовчилар учун яратилган шароитлар муҳокама қилинди. Туркия томони ушбу ҳудудда транспорт оқимини самарали бошқариш бўйича жорий этилган замонавий ёндашувлар ҳақида маълумот берди.
Сафар доирасида чегараолди ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан суҳбат ташкил этилди. Ҳамюртларимиз инфратузилма сифатида сервис хизматлари ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун сарфланаётган вақт бўйича ўз фикрларини баён қилди. Таъкидланганидек, айни пайтда ватандошларимиз томонидан жиддий муаммолар қайд этилмаган ва чегарадан ўтиш жараёнлари барқарор режимда амалга оширилмоқда.
Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият туфайли халқаро логистика йўналишларидаги ўзгаришларга қарамай, “Сарп” назорат-ўтказиш пункти орқали юк ташиш ҳажми барқарорлигини сақлаб қолмоқда. Бу ушбу йўналиш Ўзбекистон экспорт ва импорти учун ишончли транзит коридори эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ташриф якунида юк ташиш жараёнларини янада соддалаштириш ва ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси