Logo

Покистонлик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда

Апрель 03, 2026. 09:27 • 3 дақ

54
Покистонлик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда

ИСЛОМОБОД, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик бизнес тузилмаларидан бири – “Yunus Brothers Group” бошқаруви кенгаши аъзоси ва “Tabba Group” компанияси раҳбари Муҳаммад Соҳайл Табба билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда тўқимачилик ва фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижросини самарали таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон вакилини мамлакатимизда тўқимачилик ва енгил саноат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича яратилган қулай шарт-шароитлар, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти ҳамда махсус иқтисодий зоналар имкониятлари билан таништирди. Ўзбекистон–Покистон ўртасида мазкур соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун мавжуд салоҳият, Карачи шаҳридаги Ўзбекистон савдо уйи фаолияти ҳақида батафсил таъкидланди.

2025 йил февраль ойида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон–Покистон бизнес-форумида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган тўқимачилик корхоналарини покистонлик инвесторларга ишончли бошқарувга бериш ташаббуси катта қизиқиш уйғотгани қайд этилди.

Покистон томонига юртимизда газлама мато ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, Ўзбекистондаги кам қувватли тўқимачилик корхоналарини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Шунингдек ўқинг

Ўз навбатида, Муҳаммад Соҳайл Табба Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюргани, айниқса, Самарқанд шаҳри унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди. Ўзбек миллий таомлари, нон, манти, сомса, мевалардан ёнғоқ ва анжир таъмини эътироф этди. У мамлакатимизнинг тўқимачилик соҳасидаги имкониятларини яхши билишини маълум қилди.

“YBG” бошқаруви кенгаши аъзоси илгари сурилган таклифларга катта қизиқиш билдириб, Ўзбекистондан ишончли шериклар бўлса тўқимачилик соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини таъкидлади .

“Фармацевтика, энергетика ва машинасозлик соҳаларида ҳам инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқишга тайёрмиз. Биз Карачида “Kia” автомобилларини ҳам ишлаб чиқарамиз, Ўзбекистонда дунёга машҳур бренддаги енгил автомобиллар ишлаб чиқарилишидан хабаримиз бор. Бу йўналишда ҳам биргаликда лойиҳаларни амалга оширишдан хурсанд бўламиз”, – деди у.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари иштирокида дастлаб онлайн учрашувлар ташкил этиш ҳамда компания делегациясининг мамлакатимизга бизнес-миссиясини уюштириш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш