Logo

Туркиянинг Газиантеп шаҳрида "Ўзбек палови" мусобақаси ўтказилади

Август 13, 2025. 12:12 • 2 дақ

73
Туркиянинг Газиантеп шаҳрида "Ўзбек палови" мусобақаси ўтказилади

ГАЗИАНТЕП, 13 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров бошчилигидаги мамлакатимиз элчихонаси делегацияси амалий ташриф билан Туркиянинг Газиантеп вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида вилоят губернатори ва мэри, савдо ва саноат палаталари раислари ҳамда ўзбек диаспораси фаоллари учрашувлар ўтказилди.

Газиантеп вилояти губернатори вазифасини бажаруввчиси Седат Сезик ва мэр Фатма Шахин билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Газиантеп мутахассисларининг Ўзбекистонда гиламчилик соҳасини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Томонлар Газиантеп ва Самарқанд ўртасида ўрнатилган қардошлик алоқалари доирасида турли тадбирларни ўтказиш бўйича фикр алмашдилар.

"Ёшлигимдан Ўзбекистон ва унинг тарихи ҳақидаги ҳикояларни эшитиб катта бўлганман. Машҳур олимимиз Илбер Ортайли "Саёҳатнома" асарида инсон ҳаёти давомида, албатта зиёрат қилиши керак бўлган 5 та шаҳар ҳақида ёзади ва уларнинг иккитаси – Ўзбекистоннинг марваридлари бўлган Самарқанд ва Бухородир. Сизларни ишонтириб айта оламанки, Газиантепдаги ҳар бир қардошингиз ушбу туйғулар билан улғаяди. Бу аслида бизларнинг "Ота юрт"га бўлган соғинчимиз ва эҳтиромимизнинг ифодасидир", – деди Седат Сезик.

Газиантеп мэри Фатма Шахиннинг таъкидлашича, бу йил май ойида Ўзбекистонга бўлган ташриф унда чуқур таассурот қолдирган. "Нима учун аввалроқ келмадим, дея ўзимни койидим. "Ота юрт"да худди ўзимни уйимдагидек ҳис қилдим, ором олдим. Ишонинг, қайтганимдан бери ҳар бир учрашувимда Ўзбекистоннинг тарғиботчисига айландим. Бундан буён шаҳримизда бўлиб ўтадиган тадбирларда қардош шаҳримиз Самарқанд асосий ҳамкорларимиздан бири бўлади. Сентябрь ойида ташкил этиладиган Газиантеп гастрономия фестивалига ўзбек ошпазларини таклиф этиб, "Ўзбек Палов" мусобақасини ташкил этамиз. Якуний имтиҳонларда биринчиликни қўлга киритган ёшларимизни Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига зиёратга юборишга қарор қилдик. Ўзбекистон ҳудудлари билан барча соҳаларни алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз",– деди у.

Ташриф доирасида, Газиантепдаги Савдо ҳамда Саноат палаталари, шунингдек, шаҳардаги Биржа раҳбарлари иштирокида қўшма бизнес-форум ташкил этилди. Юздан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар қатнашган форумда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида сўзлаб берилди, турк ишбилармонларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Озиқ-овқат, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, электрон тижорат каби соҳалардаги тадбиркорлар Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатишга қизиқиш билдирдилар. 

Газиантепликларнинг Ўзбекистонга бўлган катта қизиқишини инобатга олиб, шаҳар савдо палатаси раиси Меҳмет Тунжай Йилдирим раҳбарлигидаги маҳаллий тадбиркорлар гуруҳининг мамлакатимизга бизнес-миссиясини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш