Мозори Шарифда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ноябрь 02, 2026. 18:30 • 2 дақ

• 479
Мозори Шарифда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Мозори Шарифда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Мозори Шарифда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Мозори Шарифда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

МОЗОРИ ШАРИФ, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Ўзбек тили байрамига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ариана” мажмуасида Балх ва Фарёб вилоятлари ўзбек зиёлилари ташаббуси билан ўтказилган учрашувда 300 га яқин киши иштирок этди.

Балх вилояти Ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Муҳаммадулло Заррор иштирокчиларни қутлаб, бу каби тадбирлар Афғонистонда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. У вилоят ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафанинг табригини етказиб, турли халқларнинг маданий меросини асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маҳаллий зиёлилар вакиллари, жумладан, Балх университети ректори Сайид Муҳаммад Ҳошимий ва ўзбек тили кафедраси мудири Ёқуб Қараш ўз сўзларида ўзбек тилининг тарихи, унинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирда Алишер Навоий, Лутфий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобораҳим Машрабнинг бой адабий меросига алоҳида эътибор қаратилиб, Афғонистонда ўзбек тилини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ёш зиёлилар Мозори Шарифда ўзбек тили марказини ташкил этиш, ёш шоир ва ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш учун нашриёт очиш, шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти бўйича малакали ўқитувчиларни тайёрлашни йўлга қўйиш таклифини илгари сурдилар.

Ўзбекистон Консулхонаси вакили давлат тилини ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда бу борадаги ўзбек-афғон ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари ҳақида таъкидлади.

Иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ва савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Хусусан, Ўзбекистон кўмагида Мозори Шарифда Имом ал-Бухорий номидаги мадрасалар мажмуаси қурилаётгани ва Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани юксак баҳоланди.

Тадбир доирасида афғонистонлик ўзбек шоирлари ўз шеърларини ўқидилар, шунингдек, маҳаллий рассомларнинг картиналари, ўзбек муаллифларининг китоблари ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш