Ўзбекистон ва Миср ўртасида аграр йўналишдаги лойиҳалар кўриб чиқилди
Август 07, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 195
ҚОҲИРА, 7 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Мисрнинг бизнесни ривожлантириш ва тараққий эттириш компанияси (EBDAA)нинг қишлоқ хўжалиги сектори директори Аҳмад Саид Маҳмуд билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қоҳира шаҳрида жойлашган EBDAA Мисрнинг агросаноат, инвестиция ва бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳаларига ихтисослашган расмий ташкилот ҳисобланади. Компания Мисрнинг 12 дан ортиқ вилоятида фаолият юритиб, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, органик экинлар етиштириш ҳамда тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилувчи махсус озуқавий моддалар ва ўғитлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Ушбу компания Саудия Арабистони, БАА ва Қатар каби Кўрфаз мамлакатлари бозорларида ҳам йирик агролойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Музокаралар чоғида аграр соҳадаги икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
EBDAA вакили ташкилотнинг кўп йиллик бой тажрибаси ва кенг кўламли фаолияти ҳақида маълумот берди. У Ўзбекистонда асосий йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирди.
Хусусан, қулупнайчиликни ривожлантириш бўйича мамлакатимизнинг унумдор тупроғи ва қулай иқлим шароитларидан фойдаланган ҳолда замонавий агротехнологиялар асосида юқори сифатли маҳсулот етиштириш хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, ўсимликлар учун озуқавий моддалар ишлаб чиқариш, экинлар ҳосилдорлиги ва касалликларга чидамлилигини оширадиган, тупроқ унумдорлигини бойитадиган махсус озуқавий моддалар ҳамда ўғитлар ишлаб чиқариш масалалари юзасидан ҳам фикр юритилди.
Учрашувда Аҳмад Саид Маҳмуд компаниянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни амалий босқичга ўтказишдан манфаатдор эканини билдирди. У ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида мутасадди идоралар ҳамда манфаатдор компаниялар вакиллари ўртасида турли учрашувларни ташкил этиш юзасидан ўз таклифларини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси