Европа компаниялари кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларини ўрганмоқда
Август 04, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 66НАВОИЙ, 4 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Европа компаниялари делегацияси “Навоийазот” АЖга ташриф буюриб, корхона фаолияти, унинг ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик жараёнлари билан танишдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация таркибидан “ANWIL S.A.” компаниясининг Франкфурт филиали халқаро бозорлар бўйича вакили Павел Полановский, “Treeden Group” логистика компанияси бош директори ва мулкдори Аркадиуш Зузанюк, “Engineering Project Group” инвестиция компанияси директори Павло Отарашвили ҳамда “Polish Agriculture Development Corporation Sp.z o.o.” ижрочи директори ва эгаси Марчин Пиотр Биалашек ўрин олди.
Ташриф давомида асосий ишлаб чиқариш цехлари, жумладан, карбамид ва бошқа кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда қадоқлаш объектлари, замонавий қадоқлаш линиялари ва логистика операциялари, хусусан, тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб бериш учун темир йўл вагонларига ортиш тартиби атрофлича ўрганилди.
Ташриф доирасида “Навоийазот” АЖ бошқарув раиси Ф. Самадов ва унинг ўринбосарлари билан музокаралар ўтказилди. Мулоқот чоғида экспорт ҳамкорлигини кенгайтириш, логистика йўналишларини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда амалдаги ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Навоийазот” АЖ раҳбарияти томонидан Европа бозорига карбамид, карбамид-аммиак аралашмаси (КАС) ва замонавий дизель двигателлари учун халқаро талабларга жавоб берадиган AdBlue суюқлиги каби кенг турдаги кимёвий маҳсулотларни етказиб беришни ташкил этиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Европа делегацияси вакиллари корхона маҳсулотларининг юқори салоҳиятини эътироф этиб, Марказий Европа бозорларида харидоргир бўлган янги турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирдилар. Шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш мақсадида европача замонавий технология ва ускуналарни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳсулотларни Европа бозорига етказиб беришни ташкил этиш ҳамда кейинги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


