Logo

Германия ОАВ Ўзбекистонда бунёд этиладиган янги шамол электр станциялари ҳақида ёзмоқда

Ноябрь 15, 2024. 17:40 • 2 дақ

165
Германия ОАВ Ўзбекистонда бунёд этиладиган янги шамол электр станциялари ҳақида ёзмоқда

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг машҳур "Prnewswire" нашри Ўзбекистон ва БААнинг "Masdar" компанияси ўртасида қуввати 1 ГВт бўлган Мингбулоқ шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзолангани ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Маълум қилинишича, келишув Бокуда бўлиб ўтаётган CОР29 тадбирлари доирасида имзоланган.

"Янги шамол электр станцияси қурилиш вақтида 1000 та, фойдаланиш даврида эса 60 та иш ўрни яратилади ва қуриб битказилгандан сўнг вилоятдаги 300 минг хонадон тоза энергия билан таъминланади. Битим "Masdar" ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатда учта шамол электр станциясини қуриш бўйича кенгроқ стратегиянинг биринчи босқичини белгилайди", –деб ёзади "Prnewswire.

Нашрда ўтган йили "Masdar" Ўзбекистонда 2 ГВт қувватга эга янги шамол лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзолагани ва Мингбулоқ шамол электр станциясидан ташқари компания таркибига яна иккита объект – Қорақалпоғистондаги Акпетки ва Навоий вилоятидаги Бузаубай кириши маълум қилинган.

Қайд этилишича, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруи БАА ва Ўзбекистон барқарор ривожланиш ҳамда қайта тикланадиган энергияга доир ўхшаш қарашларга эга эканлигини ва бу ҳамкорлик Ўзбекистонда, шунингдек, хорижда нол чиқиндилар билан тоза энергияни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Янги шамол электр станцияси лойиҳаси Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбалари портфелининг ўсишига ҳисса қўшади.

"Ушбу ташаббуслар Ўзбекистонда энергия хавфсизлигини яхшилаш, иш ўринлари яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, шу билан бирга иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда", – деб ёзилган "Prnewswire мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш