Logo

Ўзбекистон Испания ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда

Декабрь 26, 2024. 10:37 • 2 дақ

199
Ўзбекистон Испания ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда

МАДРИД, 28 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турснов амалий ташриф билан Испаниянинг Галисия автоном ҳамжамиятида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Галисия автоном ҳамжамияти маъмурияти мутасаддилари ва етакчи компаниялар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Галисия автоном ҳамжамияти президенти маслаҳатчиси Диего Кальво билан учрашув чоғида испан томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини юқори баҳолади ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди. Қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, автомобилсозлик, нефт-кимё, фармацевтика, шунингдек, туризм ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент маслаҳатчиси Галисия Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Айниқса, Тошкентдан Мадридга тўғридан-тўғри авиақатновлар очилишини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.

"Inditex" бош директори Оскар Гарсия билан музокаралар чоғида тўқимачилик саноатида қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони соҳанинг рақобатдош афзалликлари, жумладан, ресурс салоҳияти, преференциялари ва логистика имкониятларини тақдим этди. Ўзбекистондаги замонавий корхоналарга буюртма бериш ва барқарор ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланган ҳолда қувватларни яратиш бўйича тажриба лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

"Inditex" компанияси раҳбарияти Ўзбекистонда логистикани оптималлаштириш ва ишлаб чиқариш таннархини камайтириш имконини берувчи марказни яратиш орқали етказиб бериш занжирини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди. Испания томони, шунингдек, Ўзбекистон барқарор тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун истиқболли бозор сифатида қаралишини таъкидлади.

Ўзбекистон элчиси ташриф давомида "Rodriguez Lopez Auto" компанияси бош директори Хосе Энрике Родригес билан музокара ўтказди. Муҳокаманинг асосий мавзуси Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш бўлди.

Компания қўшни давлатларга маҳсулот экспорт қилиш имкониятига эга замонавий тиббий автомашиналарни биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш