Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги тажрибаси Канада ва Коста-Рика мутахассисларида қизиқиш уйғотмоқда
Ноябрь 27, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 37
НЬЮ-ЙОРК, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Канада ва Коста-Риканинг яккакураш бўйича мутахассислари Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги ютуқлари билан танишиб, мамлакатнинг спорт тизими ва миллий кураш турларига юқори баҳо берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда ёш спортчиларни тайёрлаш, спорт таълими, халқаро мусобақалар ўтказиш ва миллий спорт турларини чет элда оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларнинг муҳим қисмини гуманитар ҳамкорлик ташкил этади. Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси кўмагида 2025 йилда Халқаро турон федерацияси тузилди. Ушбу федерация турли давлатлар, жумладан, Канада ва Лотин Америкаси спорт жамоатчилиги билан фаол алоқаларни ривожлантирмоқда.
“Турон” ижроия қўмитаси аъзоси, канадалик мутахассис Энрике Матуте 2025 ва 2026 йилларда Ўзбекистонда бўлди. У спорт таълими муассасалари, атлетларни тайёрлаш тизими ҳамда халқаро мусобақаларнинг ташкилий жараёнлари билан яқиндан танишди.
Замонавий спорт иншоотлари, мураббийларнинг малакаси, спорт тиббиётининг тараққиёти ва спортчиларга индивидуал ёндашув унда алоҳида таассурот қолдирди. У дзюдо бўйича беллашувларни кузатди ҳамда 2026 йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган турон миллий жанг санъати бўйича жаҳон кубогига ташриф буюрди.
Кўп йиллар давомида дзюдо, самбо ва бошқа яккакураш турлари билан шуғулланиб келаётган мутахассис мусобақаларнинг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда миллий спорт турлари халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Унинг фикрича, мамлакатда амалга оширилаётган ишлар давлат раҳбариятининг спорт тараққиётига қаратаётган изчил эътиборидан далолат беради. Энрике Матуте Канадада ёшларнинг жисмоний ва ахлоқий тарбияси воситаси сифатида туронни ривожлантиришга кўмаклашиш ниятида.
Коста-Рика вакили, дзюдо ва кураш бўйича халқаро тоифадаги мураббий Луис Энрике Богантес ҳам спортнинг тарбиявий аҳамиятига худди шундай юқори баҳо берди.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг миллий яккакураш турлари нафақат спорт тайёргарлиги, балки ёшларда интизом, масъулият ва атрофдагиларга ҳурмат туйғусини шакллантиришда ҳам беқиёс ўрин тутади. У Коста-Риканинг таълим ва ёшлар дастурларида мазкур йўналишлардан фойдаланиш истиқболларини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси