Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳияти Эроннинг Табриз шаҳрида тақдим этилди
Октябрь 25, 2024. 09:54 • 2 дақ
• 481
ТАБРИЗ, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатлари 17-19 октябрь кунлари ишчи ташриф билан Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев Табриз Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси раиси Юнус Жаеле билан учрашув ўтказди.
Табриз Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси раиси ҳамраислигида ҳудуднинг энг илғор компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ва Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақида сўзлаб берилди.
Эронлик тадбиркорлар ушбу ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини оширишга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёрликларини билдиришди.
Мулоқот чоғида, Табриз Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2025 йилда Тошкентда бизнес-форум ўтказиш ҳамда ўзаро делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Табризлик йирик тадбиркорларга Ўзбекистон ҳудудларида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарда, хусусан Қорақалпоғистонда эронлик тадбиркорлар учун манфаатли янги 185 та лойиҳалар рўйхати ишлаб чиқилгани маълум қилинди ва уларга ушбу лойиҳаларда иштирок этиш таклифи билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси