Эронлик тадбиркор Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида писта етиштириш лойиҳасини амалга оширади

Июль 18, 2024. 12:38 • 2 дақ

406
Эронлик тадбиркор Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида писта етиштириш лойиҳасини амалга оширади

ТЕҲРОН, 18 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Эроннинг Кермон вилоятида писта етиштиришга ихтисослашган етакчи тадбиркорлардан бири ва Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани мутасаддилари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев, Деҳқонобод тумани ҳокими Шерзод Шокиров ва Эронда писта етиштиришга ихтисослашган Кермон вилоятида фаолият юритувчи етакчи тадбиркор ва соҳа мутахассиси Жавод Хейдарпур иштирок этди.

Томонлар Деҳқонобод туманида писта плантациясини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ҳоким Шерзод Шокиров Эрон вакилларига Деҳқонобод туманининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, географик жойлашуви, транспорт инфратузилмаси ҳамда инвесторлар учун тақдим этиладиган имтиёз ва енгилликлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Шунингдек, таклиф этилаётган лойиҳа юзасидан тақдимот ўтказди.

Шунингдек ўқинг

Жавод Хейдарпур, ўз навбатида Кермон вилоятининг савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва писта етиштириш бўйича салоҳияти ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича Кермон вилоятининг Рафсанжон, Сиржон, Шаҳрбобак, Заранд, Кермон, Анор, Равар каби ҳудудлари писта етиштириш бўйича энг йирик марказлар ҳисобланади. Ушбу ҳудудларда йилига 200 минг тоннага яқин писта етиштирилади.

Эрон томони, шунингдек, мазкур тармоқда тўплаган тажрибани кенг тарғиб этиш мақсадида таклиф этилган лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Онлайн музокаралар якунида мазкур лойиҳани амалга оширишни бошлаш мақсадида Эрон вакилларининг Қашқадарё вилоятига ишчи сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш