Ўзбекистон элчиси Абу-Даби Савдо-саноат палатаси бош директори билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
Июль 09, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 56
АБУ-ДАБИ, 9 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев Абу-Даби Савдо-саноат палатаси бош директори Али Муҳаммад Ал-Марзуқи билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш ва фаоллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Али Муҳаммад Ал-Марзуқи яқинда Тошкентда ўтказилган халқаро инвестиция форуми юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, унинг доирасида эришилган келишувларнинг амалий ижроси Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини билдирди.
Музокаралар чоғида жорий йил кузида БААда икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида қўшма бизнес-форумлар ташкил этишга келишилди. Шу билан бирга, ўзбек тадбиркорларининг инвестиция лойиҳаларига БАА сармояларини жалб қилиш ҳамда миллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
1969 йилда ташкил этилган ушбу нуфузли палата хусусий сектор манфаатларини ифода этувчи ҳамда давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни таъминловчи етакчи институт бўлиб, унинг таркибида иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритувчи 158 мингдан зиёд аъзо мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси