Хитойнинг Цзянсу провинцияси вакиллари Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти билан танишди
Апрель 22, 2025. 17:13 • 2 дақ
• 86
ЯНЧЖОУ, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Юртимиз Бош консулхонаси ташаббуси билан Цзянсу провинциясининг Янчжоу шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари ва савдо-иқтисодий салоҳияти тақдимотига бағишланган иқтисодий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Янчжоу шаҳар халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси, Янчжоу ҳукумати Ташқи ишлар канцелярияси, Тижорат ва ташқи савдо, шунингдек, инвестицияларни илгари суриш департаментлари раҳбарлари ва етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Кенгаш вакили минтақада оғир саноат, "яшил" технологиялар, энергияни сақлаш ва янги материаллар ишлаб чиқариш соҳалари жадал суръатлар билан ривожланаётганини таъкидлади.
Хитой компанияларининг ўзбекистонлик шериклар билан алоқаларни ўрнатишга қизиқиши ортиб бораётгани, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва сувни тежаш соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш муҳимлиги урғуланди.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, махсус иқтисодий зоналарда яратилган имкониятлар, экспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва бошлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётган Хитойнинг "YAPP Group" компанияси вакиллари ўз тажрибалари ҳақида гапириб бердилар. Корхона вакиллари мамлакатимиз бозорининг юксак салоҳияти ва қулай инвестиция муҳитини юқори баҳоладилар.
Хитой томонига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвестиция таклифлари илгари сурилди. Шунингдек, иштирокчиларга жорий апрель ойида Жиззахда ва май ойида Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро бизнес-форумларда фаол қатнашиш таклифи билдирилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказиш учун Цзянсу провинцияси расмийлари ва етакчи компанияларнинг вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга бизнес миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси