Малайзия компанияси Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда
Март 17, 2025. 09:45 • 2 дақ
• 86
КУАЛА-ЛУМПУР, 17 март. /"Дунё АА"/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Sulomas Sdn Bhd" компанияси бош ижрочи директори Сун Хонг Лим бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё АА" АА мухбири.

Мулоқот аввалида хориж томони "Sulomas Sdn Bhd" компаниясининг атроф-муҳитга масъулият ва инновацияларга катта эътибор қаратган ҳолда маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш соҳасидаги фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказди.
Компания вакиллари юртимизда чиқиндиларни вақтинча сақлаш учун турли ҳажмдаги металл ва полимер контейнерларни ишлаб чиқариш ҳамда пиролиз технологияси асосида полимер чиқиндиларни қайта ишлаш орқали уларни сифатли ёқилғи мойига айлантириш лойиҳасини Ўзбекистон шароитида амалга ошириш имкониятларини атрофлича ўрганиб чиқишини маълум қилди.
Шунингдек, компания республиканинг аҳолиси нисбатан зич бўлган ҳудудларида маиший чиқиндиларни самарали йиғишни йўлга қўйиш (функционал чиқиндихоналар барпо этиш, ҳаракатланувчи контейнерлар билан жиҳозлаш, махсус техникалар ёрдамида олиб кетиш) тизимини жорий қилишни режалаштирмоқда.
Учрашув якунида мазкур лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш учун компания мутахассисларидан иборат делегациянинг яқин ойларда мамлакатимизга сафарини ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.
"Sulomas Sdn Bhd" компанияси 2014 йилда ташкил этилган. У Малайзияда металл ва пластик чиқинди контейнерларини ишлаб чиқариш, чиқиндиларни бошқариш, пластмасса чиқиндиларни юқори сифатли ёқилғи мойига айлантирувчи пиролиз корхоналарига эгалик қилади. Шунингдек, компания Сингапур, Ҳиндистон, Австралия, БАА, Қатар ва Саудия Арабистонида чиқиндиларни бошқариш бўйича лойиҳаларда иштирок этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди