Logo

Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари ва ЕТТБ бош котиби Лондонда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар

Декабрь 12, 2023. 11:44 • 58 сония

463
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари ва ЕТТБ бош котиби Лондонда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар

ЛОНДОН, 12 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Буюк Британияга ташрифи давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бош котиби Казуҳико Когучи билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлаш ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.


Томонлар жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БААда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон иқлим саммити доирасида ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашуви чоғида эришилган келишувларни амалда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратдилар.


Казуҳико Когучи ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик мажлиси шу йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтганини мамнуният билан қайд этди.


Бир қатор истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, банкнинг давлат корхоналари ва банкларини ўзгартириш ҳамда хусусийлаштиришда фаол иштирок этиши, «яшил» ривожланиш, тоза энергия, транспорт, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги, шунингдек, ичимлик суви таъминоти, рақамлаштириш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.


Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда банкнинг Ўзбекистонга киритган сармоялари 3,5 миллиард евродан ошган ва лойиҳа портфелининг 60 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш