Лондон шаҳрида Британия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди
Октябрь 16, 2024. 08:05 • 2 дақ
• 786
ЛОНДОН, 16 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Лондон шаҳрида Буюк Британиянинг ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда "Chartered Institute for Securities and Investment", "WOOD&Co.", "Euroyen Group", "Amber Konsult", "Fieldfisher", "Caspian Policy Center" ва "Kulturalis" каби Буюк Британиянинг етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Британия томонига Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан миллий иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича қабул қилинган қонунлар ҳамда яқинда республикада бўлиб ўтадиган парламент сайловлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тадбир давомида республикада қайта тикланадиган энергетика, кимё саноати, металлургия, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва таълим соҳаларида аниқ инвестициявий лойиҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестициявий муҳит сезиларли даражада яхшиланганлиги, халқаро компанияларнинг мамлакатимизда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидладилар. Шу муносабат билан, улар молия-банк, таълим, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, йирик давлат компанияларнинг хусусийлаштириш жараёнида қатнашишга қизиқишини билдиришди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон тадбиркорлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишга тайёрликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси