Наманганда етиштирилган маҳсулотлар БАА ва Қатар бозорига чиқмоқда
Май 02, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 669
АБУ-ДАБИ, 3 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси дипломатлари “Sura Holding” компанияси ижрочи директори Аиман Абдулбари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Sura Holding” – Абу-Дабида жойлашган хусусий инвестицион холдинг бўлиб, асосий фаолияти халқаро инвестициялар ва уларни бошқаришдан иборат. Компания қишлоқ хўжалиги, кўчмас мулк ва хусусий капитал соҳаларида фаолият юритади.
Мулоқот давомида компания вакиллари Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
Ҳозирги кунда компания томонидан Янгиқўрғондаги 270 гектар майдонда Италиядан олиб келинган юқори сифатли кўчатлар асосида олма, гилос, ўрик, шафтоли ва бошқа маҳсулотлар етиштирилмоқда.
Музокаралар жараёнида компания ўз маҳсулотларини БАА ва Қатарга катта ҳажмда экспорт қилиш бўйича келишувларга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, маҳсулотлар Дубай шаҳридаги “Al Aweer Market” орқали мунтазам сотилмоқда.
Компания томонидан “Sura Trade” номли мобил иловаси ишлаб чиқилгани қайд этилди. Ушбу илова орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳақида маълумотлар жойлаштириб, уларни БАА бозорида онлайн тарзда сотиш имконияти яратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси