Logo

“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида

Май 09, 2026. 15:00 • 2 дақ

30
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида
“Бойсун баҳори” фестивали хорижий тадқиқотчи нигоҳида

БОЙСУН, 9 май. /“Дунё” АА/. Швейцариянинг Ландшафт ва шаҳар тадқиқотлари институти (ISUP) тадқиқотчиси Лара Мелин “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Сурхондарё вилоятида ўтказилаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

– Бойсун бетакрор табиати, минг йиллар давомида асраб келинаётган халқ анъаналари, миллий либослари, мусиқаси, рақслари ва моддий маданияти билан алоҳида аҳамиятга эга бўлган минтақадир.

Фестиваль ҳақида Бойсун ҳудудига оид илмий тадқиқотларим давомида маълумот тўплаганман. Шу билан бирга, минтақа халқ ижодиёти, анъанавий ҳунармандчилиги, миллий кийимлари ва маданий мероси билан яқиндан танишишни режалаштирганман.

Бойсун мероси нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа маданий тарихи учун муҳим манба бўлиб, қўшни халқлар санъати ва маданий анъаналари ривожини ўрганишда ҳам катта аҳамият касб этади.

Фестиваль сермазмун ва қизиқарли ўтди. Сурхондарё вилоятининг 14 та тумани ўз саҳнаси, миллий услубда безатилган майдони, ўтов ёки анъанавий уй кўринишидаги экспозициялари билан иштирок этди. Саҳналарда мусиқий ва рақс чиқишлари, маҳаллий маҳсулотлар, миллий либослар, чолғу асбоблари, анъанавий меҳнат қуроллари ва қўл тўқув дастгоҳлари намойиш этилди.

Ушбу халқаро тадбирнинг очилиш маросими меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, жонли мусиқа, катта рақс ансамбллари, нафис миллий либослар, табиат ва фольклор манзараларини акс эттирган видеотасвирлар бир бутун бадиий композицияни ҳосил қилди. Қўшиқлар, ранглар ва саҳнавий ҳаракатлар уйғунлиги, мушакбозлик ҳамда миллий рамзлар акс этган дрон-шоу тадбирга тантанавор руҳ бағишлади.

Бу фестиваль 2024 йилга қадар Бойсун яқинидаги тоғли Паданг қишлоғида ўтказилган. Тадбирнинг шаҳарга кўчирилиши ва май ойининг биринчи ҳафтасида ташкил этилиши фестивалга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат беради. “Бойсун баҳори” фольклор намойишигина эмас, балки баҳор, табиат ва халқ маданияти уйғунлигини ифода этувчи ўзига хос байрамдир.

“Бойсун баҳори” Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро майдонда намоён этиш, халқлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва миллий анъаналарга қизиқишни оширишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур фестиваль Бойсунни хорижий тадқиқотчилар ва сайёҳлар учун ҳам жозибали маскан сифатида кенг танитмоқда.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш