Logo

Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлараро савдо-иқтисодий шериклиги янада жадаллашади

Апрель 28, 2025. 11:22 • 2 дақ

145
Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлараро савдо-иқтисодий шериклиги янада жадаллашади

ПЕШОВАР, 28 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ҳудудлараро савдо-иқтисодий шерикликни янада жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Покистоннинг Пешовар шаҳрига борди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Пешовар шаҳри Покистоннинг йирик саноат ва экспортга йўналтирилган марказларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳудуд тиббиёт буюмлари, чарм маҳсулотлари, металл конструкциялар, тўқимачилик, кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариши билан машҳур бўлиб, уларнинг асосий қисми 50 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинади.

Ташриф доирасида Пешовар Савдо-саноат палатаси президенти Шакил Аҳмад Хон ва фармацевтика, чарм, тўқимачилик, тиббиёт асбоб-ускуналари, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларидаги маҳаллий ишбилармонлар билан учрашувлар ўтказилди. Музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти ва тижорат таклифлар тақдим этилди, қўшма корхоналарни ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиблари тушунтирилди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги "Айритом" эркин иқтисодий зонаси имкониятларига оид тақдимот ўтказилди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Покистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонда инвестиция киритиш учун кенг имкониятлар очилаётганини мамнуният билан қайд этишди. Шунингдек, улар Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, чарм хомашёси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, пахта импорти, тиббий асбоб-ускуналар ва ветеринария препаратлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдорлигини билдиришди.

Музокаралар якунида Пешовар Савдо-саноат палатаси президенти бошчилигидаги ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш