Римда Италия Давлат инвестиция агентлиги томонидан Ўзбекистондаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
Июль 06, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 59
РИМ, 6 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг “SIMEST” давлат инвестиция агентлиги бош ижрочи директори Режина Коррадини билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда Италия компанияларининг Ўзбекистондаги инвестиция фаоллигини рағбатлантириш, аввалги бизнес-миссиялар якунлари бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, қўшма молиялаштириш механизмларидан фойдаланиш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Режина Коррадини икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганига эътибор қаратиб, “Ўзбекистон биз учун нафақат Марказий Осиё, балки бутун Шарқдаги муҳим ҳамкорларимиздан биридир”, дея таъкидлади.
Учрашувда жорий йил якунига қадар Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Италия компаниялари иштирокида бизнес-форум ўтказишга келишилди.
Суҳбат чоғида мамлакатимиз бозорига қизиқиш билдирган компанияларнинг аниқ инвестиция режаларини ўрганиш, улар учун маҳаллий ҳамкорларни аниқлаш, онлайн “B2B” форматида мулоқотлар ташкил этиш ҳамда қўшма корхона ташкил этиш, тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ёки ваколатхона очиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича фикр алмашилди.
Мазкур учрашувнинг асосий мақсади Италия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшма инвестиция ва молиялаштириш механизмларини шакллантиришдан иборат бўлди. Бунда “SIMEST”нинг италиялик компанияларнинг халқаро бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш инструментлари, қўшма инвестиция фондлари имкониятларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси