Logo

Ҳиндистонлик тадбиркорлар делегацияси Ўзбекистонга келди

Апрель 08, 2025. 06:53 • 2 дақ

248
Ҳиндистонлик тадбиркорлар делегацияси Ўзбекистонга келди

ТОШКЕНТ, 8 апрель. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация кеча Тошкентга етиб келди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси ва Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штати Ишбилармонлик кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу бизнес-миссия дастуридан икки томонлама ишбилармонлик алоқаларни янада фаоллаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадларига қаратилган туркум тадбир ўрин олган.

7 апрель куни Ўзбекистон Савдо ва саноат палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида томонлар Ўзбекистон ва Ғарбий Бенгалия штати тадбиркорлик доиралари вакиллари ўртасида шериклик муносабатлари ўрнатиш, биргаликда бозори чаққон, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бошқа истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашди. 

Тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, фармацевтика, заргарлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари, таълим ва бошқа соҳа вакилларидан ташкил топган Ҳиндистон ишбилармонлари делегацияси шу куни Самарқанд вилоятига жўнаб кетди.

Улар Самарқанд вилоятига сафар доирасида Каттақўрғон шаҳрида ташкил этиладиган Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форумида қатнашиб, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга кўтариш бўйича амалий таклифларини тақдим этади. Шунингдек, Самарқанд вилояти туманларидаги саноат корхоналари фаолияти, жумладан, "Ургут" эркин иқтисодий зонасида халқаро ҳамкорлик учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишади.

Бундан ташқари, делегация аъзолари Тошкент вилоятида фаолияти йўлга қўйилган фармацевтика паркида бўлиб, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш