Юньфу шаҳрида Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро ҳамкорлигининг янги босқичи кўриб чиқилди

Июль 02, 2026. 19:00 • 2 дақ

121
Юньфу шаҳрида Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро ҳамкорлигининг янги босқичи кўриб чиқилди
Юньфу шаҳрида Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро ҳамкорлигининг янги босқичи кўриб чиқилди
Юньфу шаҳрида Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро ҳамкорлигининг янги босқичи кўриб чиқилди

ЮНЬФУ, 2 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Хитойнинг Гуандун провинцияси Юньфу шаҳрида икки мамлакат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хитой Коммунистик партияси Юньфу шаҳри қўмитаси котиби Лу Жунчэнь билан бўлиб ўтган учрашувда иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш истиқболлари, делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма форум ва кўргазмаларни ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар тошга ишлов бериш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш механизмларини кўриб чиқди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон шаҳарлари ва Юньфу шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, шаҳар муниципалитети билан ҳамкорликда 30 га яқин маҳаллий компания вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда хорижлик тадбиркорларга Ўзбекистоннинг тоғ-кон ва аграр соҳаларидаги инвестициявий имкониятлари атрофлича тақдим этилди.

Хитойнинг етакчи корхоналарига уюштирилган ташрифлар давомида эса юртимиз ҳудудларида паррандачилик, чорвачилик ва тошни қайта ишлаш йўналишларида юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Музокараларда жорий йилда Юньфу шаҳри муниципалитети раҳбарияти, иқтисодий департаментлар ва етакчи компаниялар вакилларидан иборат нуфузли Хитой делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш