Logo

Ўзбекистон ва Венгрия ҳудудлараро алоқаларни ривожлантирмоқда

Март 27, 2026. 10:24 • 2 дақ

104
Ўзбекистон ва Венгрия ҳудудлараро алоқаларни ривожлантирмоқда

БУДАПЕШТ, 27 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов бошчилигидаги делегация Венгриянинг шимоли-шарқидаги Саболч-Сатмар-Берег провинциясига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Саболч-Сатмар-Берег Венгриянинг асосий қишлоқ хўжалиги ва логистика ҳудудларидан бири ҳисобланади. Минтақа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан олма, олхўри, маккажўхори ва буғдой етиштиришда муҳим роль ўйнайди, шунингдек, боғлари ва қайта ишлаш саноати билан машҳур.

Ташриф давомида минтақа раҳбарияти, ассамблея ва провинция Савдо-саноат палатаси вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон билан савдо ва инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мулоқот чоғида томонлар Андижон вилояти ва Саболч-Сатмар-Берег минтақаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Минтақа раҳбарияти Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратаётганини қайд этди. Шу ўринда, мамлакатимиз делегациясининг ташрифи амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва шерикликнинг янги йўналишларини очишга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш