Польша компанияларнинг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланмоқда
Март 20, 2026. 11:46 • 2 дақ
• 153
ВАРШАВА, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев Польша президенти канцелярияси Халқаро сиёсат бюроси раҳбари Марчин Пшидач билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Польша президентининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Радослав Грук ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Марчин Пшидач Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ва истиқболли шерик сифатида эътироф этиб, расмий Варшава Тошкент билан барча жабҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида қайд этди.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий йўналишдаги алоқаларга алоҳида урғу берилди. Польша томони вакилининг сўзларига кўра, поляк компаниялари орасида Ўзбекистон бозорига кириш ва бу ерда қўшма бизнес лойиҳаларини амалга оширишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Музокаралар якунида томонлар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан доимий мулоқотни давом эттириш ва яқин истиқболдаги қўшма тадбирлар режасини келишиб олди.
Ушбу учрашув Ўзбекистон–Польша ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси