Тошкент ва Ҳиндистоннинг Мумбаи шаҳри ўртасидаги ҳаво қатнови қайта тикланмоқда
Февраль 29, 2024. 00:59 • 3 дақ
• 300
МУМБАИ, 29 февраль. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатида Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан апрель ойида Тошкент–Мумбаи–Тошкент ҳаво қатновини қайта тикланаётгани ҳамда мамлакатимизнинг жозибадор туризм йўналишларига бағишланган йирик тақдимот маросими ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ёрқин тадбир Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси, Uzbekistan Airways авиакомпанияси ва мезбон мамлакатнинг Arya Enterprises ва Aero World Travels компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маросимда Маҳараштра штати, жумладан, унинг маъмурий маркази — Мумбаи шаҳрида фаолият юритадиган 100 га яқин етакчи туристик ташкилот ва агентликлар раҳбарлари ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасини изчил ривожлантириш, чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар учун замонавий талаблар даражасида қулайликлар яратиш, соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва хорижлик сармоядорлар фаолияти учун жозибадор муҳит барпо этиш борасида амалга оширилаётган тизимли саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди.
Тақдимотда Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистонга парвоз географияси кенгайиб бораётгани, апрель ойида Мумбаига авиақатновлар қайта йўлга қўйилгач, ҳинд шаҳарларига парвозлар сони ҳафтасига саккиз мартага етиши таъкидланди. Мамлакатимиз миллий авиаташувчиси Ҳиндистонга рейслар сонини мунтазам тарзда кўпайтириб боришни режалаштираётганига алоҳида эътибор қаратилди.
– Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларидаги аэропортлардан уч-уч ярим соатлик масофада жойлашган Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар, аудио ва видеолавҳалар катта қизиқиш уйғотди, – дейди Orchids Holidays компанияси бошқарувчи директори Ражеш Мажумдар. – Ўзбекистонда кўнгилдагидек саёҳат учун керакли бўлган миллий маданият ва ошхона, тарихий обидалар, тоғлар, тоғ-курорт масканлари ва бошқа зарур бўлган барча нарсалар бор. Бизда бу катта тааcсурот қолдирди. Тақдимот маросимида мен Ҳиндистондан Ўзбекистон йўналишида фаоллашаётган сайёҳлар оқимига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишга қарор қилдим.
Тошкент ва Мумбаи шаҳарлари ҳаво йўли орқали боғланаётгани қарийб 120 миллион аҳоли яшайдиган Маҳараштра штати ва унга қўшни ҳудудлар аҳолиси учун туризмнинг янги йўналишлари, жумладан, тоғ-чанғи, зиёрат, экологик турларини ўзлаштириш, никоҳ маросимларини ўтказиш, кино ижодкорлари томонидан фильмлар суратга олишда янги локациялар кашф қилиш учун қулай имкониятлар тақдим этади.
– Биз МДҲ ҳудудига саёҳатлар ташкил қилишга ихтисослашганмиз, – дейди Volshebny Holidays компанияси асосчиси ва директори Ятин Бҳавсар. – Ўзбекистон мен саёҳат қилган энг гўзал давлатлардан биридир. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларга уюштираётган турларимиз катта талабга эга. Ҳиндистонлик сайёҳлар Ўзбекистон маданий қадриятлари, иқлими, ўзбек халқининг меҳмондўстлик анъаналарини катта қизиқиш билан ўрганишади, мамлакатда туристлар учун яратилган қулай шароитлар даражасидан мамнун қолмоқда. Шу сабабли мен ҳамиша ўзбек заминига саёҳат қилишга чорлаб қоламан.
Туристик форум доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Дунё" ахборот агентлиги томонидан тайёрланган "Ўзбекистонга хуш келибсиз!" номли видеомаҳсулот намойиш этилди. Сайёҳлик саноати вакиллари томонидан самимий кутиб олинган жонли тасвирларда мамлакатимиз ва қадимий шаҳарларимизнинг бетакрор гўзаллиги ва таровати ифода этилган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон туристик компаниялари ва агентликлари вакиллари мамлакатимизга сайёҳлар оқимини янада жонлантириш истиқболларини қизғин муҳокама қилди.
– Ҳиндистон билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – дейди Enjoy Travel компанияси раҳбари Гулноза Мўминова (Ўзбекистон). – Баъзи йилларда мамлакатимизга 12 мингтагача сайёҳ жалб қилишга эришганмиз. Мумбаи шаҳрига ҳаво қатнови очилаётгани ҳам айни муддао бўлди. Чунки бу Ҳиндистондан янада кўп миқдордаги саёҳатчиларнинг Ўзбекистонга сафарларини ташкил қилиш учун қулай имконият яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларида кенг тарғиб қилиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туристик оқим изчил фаоллашмоқда. Хусусан, ўтган йил ушбу мамлакатдан ўзбек заминига саёҳат қилганлар сонини 2022 йилга нисбатан қарийб тўрт бараварга кўпайтиришга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди