Logo

Ўзбекистон ва Миср геология, кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Март 08, 2026. 11:51 • 2 дақ

117
Ўзбекистон ва Миср геология, кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

ҚОҲИРА, 8 март. /“Дунё” АА/.Ўзбекистон элчихонасида “Seagull Petroleum and Mining” компанияси бош директори Ҳишам ал-Мелиги билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистон ва Миср ўртасида геология, нефть-газ ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, юртимизнинг геологик тадқиқотлар ва фойдали қазилмаларни қидириш борасидаги илмий-амалий тажрибаси, шунингдек, Миср ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистоннинг илғор геологик хизматларини Мисрга экспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилдилар ва ушбу соҳадаги ўзаро манфаатли аниқ лойиҳаларни кўриб чиқдилар.

Шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида Тошкентда Геология фанлари университети филиалини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.

Музокаралар якунида Миср делегациясининг апрель ойида мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Бўлажак ташриф давомида геология ва тоғ-кон саноатидаги ҳамкорликнинг амалий йўналишларини белгилаш, шунингдек, қатор қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш