Александр Трембицкий: Самарқанд — тажриба алмашиш ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун ажойиб майдон

Сентябрь 05, 2026. 18:00 • 3 дақ

153
Александр Трембицкий: Самарқанд — тажриба алмашиш ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун ажойиб майдон
“Дунё” АА олган сурат

САМАРҚАНД, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россия Федерацияси сенатори Александр Трембицкий “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Самарқандда ўтказилаётган “Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзусидаги Ёш парламент аъзоларининг XII Глобал конференцияси аҳамияти ҳамда Ўзбекистон Президентининг парламентаризмни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Бугунги кунда халқаро ҳамкорликнинг парламент йўналиши тобора муҳим аҳамият касб этаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, Россия Федерацияси, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг ёш парламент аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида қимматга эга. Бу тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда янги касбий ва шахсий алоқаларни ўрнатиш учун ажойиб майдондир.

Кўндалик иш жараёнида парламент аъзоларида кенг қамровли масалалар бўйича мазмунли мулоқот қилиш ва фикр алмашиш учун ҳамиша ҳам вақт етиравермайди. Бу каби халқаро майдонлар эса ушбу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади. Бу ерда мулоқот учун ҳақиқатан ҳам самарали муҳит яратилган ва биз форумнинг барча тадбирларида катта мамнуният билан иштирок этмоқдамиз.

Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш масаласига тўхталганда, бу жараённи фақат ижобий баҳолаш мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан бир қатор резолюцияларнинг қабул қилиниши, шунингдек, Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро парламент мулоқотида роли ортиб бораётганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида олий даражадаги яқин ҳамкорлик ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Давлатларимиз етакчилари доимий мулоқотда бўлиб, икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириб келаётганини кўриб турибмиз. Яқинда улар Петербург халқаро иқтисодий форумида биргаликда иштирок этдилар. Олий даражадаги бундай мулоқотлар барча соҳаларда, жумладан, парламент йўналишида ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Биз бир-биримизни бежиз умумий тарих, маданият ва кўп йиллик инсоний алоқалар билан боғланган қардош халқлар деб атамаймиз. Бугунги кунда ушбу шериклик парламент даражасида ҳам янги мазмун билан бойимоқда. Россия ва Ўзбекистон ёш парламент аъзоларининг фаол ҳамкорлиги ушбу жараённинг муҳим қисми бўлиб, тажриба алмашиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.

“Дунё” АА олган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш