Фан Тхи Тхуй Линь: Биз учун Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш жуда муҳим

Сентябрь 05, 2026. 15:30 • 3 дақ

56
Фан Тхи Тхуй Линь: Биз учун Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш жуда муҳим

САМАРҚАНД, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Вьетнам Миллий ассамблеяси Ёш парламент аъзолари гуруҳи раиси ўринбосари Фан Тхи Тхуй Линь “Дунё” АА мухбирига берган эксклюзив интервьюсида Самарқандда ўтказилаётган “Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзусидаги Ёш парламент аъзоларининг XII Глобал конференциясининг аҳамияти ҳамда Ўзбекистон Президентининг парламентаризмни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ушбу конференциядан жуда аниқ умид ва кутишларим бор. 2023 йилда Вьетнам IX Глобал конференцияга мезбонлик қилган эди ва унинг якунлари бўйича Ханой декларацияси қабул қилинганди. Биз бу тажриба ва халқаро парламент мулоқотини ривожлантиришга қўша олган ҳиссамиздан жуда фахрланамиз.

Шу сабабли, Самарқанддаги жорий конференция якунлари бўйича шунчаки якуний ҳужжат олиш билан чекланмаймиз, деб умид қиламан. Албатта, декларация ва якуний ҳужжатлар муҳим, чунки улар умумий позицияни шакллантиради ва келгуси ишлар йўналишини белгилаб беради. Аммо бугун биз сиёсий баёнотлардан аниқ амалий ҳаракатларга ўтишимиз зарур. Якуний ҳужжатни ёзишимиз мумкин, бироқ унинг ортидан келишувларимизни ҳаётга татбиқ этишга имкон берадиган реал қонунчилик қарорлари, аниқ ташаббуслар ва бюджет ажратмалари келиши анча муҳимдир.

Парламентлараро Иттифоқ маълумотларига кўра, бугунги кунда 30 ёшгача бўлган парламент аъзолари умумий депутатлар сонининг 2,8 фоизини ташкил этади. Бу шуни англатадики, ёшларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги кўплаб декларацияларга қарамай, биз ҳали сезиларли илгарилашга эриша олганимиз йўқ.

Токи бу рақам ўсишни бошламас экан, декларацияларимиз тугалланмаган иш бўлиб қолаверади. Ёшлар нафақат давлат сиёсатининг обaъекти, балки қарорлар қабул қилиш жараёнининг бевосита иштирокчилари бўлишлари керак. Уларнинг парламентлардаги вакиллиги реал қонунчилик ишларида, парламент назорати ва давлат сиёсатини шакллантиришда ўз аксини топиши лозим.

Шунингдек ўқинг

Айнан шу сабабли делегациямиз Самарқандга нафақат ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш, балки бошқалардан ўрганиш учун ҳам келди. Биз нимани ўрганганимиз, амалиётда қандай ёндашувларни қўллаётганимиз ва улар қандай натижалар бераётгани ҳақида сўзлаб бермоқчимиз. Шу билан бирга, биз учун Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар тажрибасини эшитиш, амалий ечимлар билан танишиш ва қайси воситалар ёш парламент аъзоларига ўз ваколатларини янада самарали амалга ошириш имконини беришини тушуниш жуда муҳимдир.

Мен, шунингдек, конференцияда янграган сиёсий чиқишлардан, айниқса, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг нутқи ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати мазмунидан жуда катта таассурот олдим. Ушбу чиқишларда парламентаризмни ривожлантириш, ёшлар иштироки ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим масалалар илгари сурилди.

Ишончим комилки, ушбу конференция муваффақиятли ўтади ва нафақат Ўзбекистонга, балки бу ерда тақдим этилган сиёсий доиралар ва барча мамлакатларга сезиларли натижалар олиб келади. Дунёнинг турли минтақаларидан келган ёш парламент аъзоларининг очиқ мулоқот ва тажриба алмашиш учун Самарқандда жамланганининг ўзи катта аҳамиятга эга.

Биз замонавий дунёда ёшларнинг роли тобора ортиб бораётганига аминмиз. Ёш парламент аъзолари шунчаки ўз авлодининг вакиллари эмас, балки мамлакатларимиз келажагини белгилайдиган сиёсатни шакллантириш ва қарорлар қабул қилишнинг фаол иштирокчилари бўлишлари керак.

“Дунё” АА олган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш