Смита Пант: Ҳиндистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида сўз кетганда, ҳатто осмон ҳам сарҳад бўла олмайди
Август 30, 2026. 09:10 • 6 дақ
• 113
ТОШКЕНТ, 30 август. /«Дунё» АА/. Ҳиндистон элчиси Смита Пант Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг жорий йил 29 август куни бошланган давлат ташрифи арафасида “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Элчи хоним, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашди. Ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим натижалари нималардан иборат, бугунги кунда Тошкент ва Деҳли учун қайси йўналишлар устувор ҳисобланади?
– Менимча, Ҳиндистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида сўз кетганда, ҳатто осмон бизга сарҳад бўла олмайди, чунки ҳамкорлигимиз кўп қирралидир. Бизни асрлар қаърига бориб тақаладиган тарихий ва цивилизациявий алоқалар боғлаб туради. Халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам маданий-маънавий ришталар бақувват пойдевор вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари, савдо ва инвестициялар, фан ва технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам ривож топмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонга минглаб ҳиндистонлик ёшлар таълим олиш учун келмоқда. Шунингдек, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, стартаплар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида биргаликда ишламоқдамиз.
Давлатларимиз ўзаро стратегик шериклик аҳамиятини яхши англаб, уни қадрлайди. Энди эса, уни янада юқори босқич - кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш истиқболларини кўриб чиқмоқдамиз. Унинг марказида инсон манфаатларига йўналтирилган сиёсат туради, яъни ҳар икки мамлакат халқлари учун фойдали бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилади. Менимча, бу жуда муҳим.
Давлатларимиз раҳбарлари ўзаро алоқаларни мазмунан бойитиш ва янада фаоллаштириш, жумладан, барқарор ривожланиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратиб келишади.
Хусусан, Ўзбекистонда «Яшил макон» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бизда эса «Она учун дарахт эк» деб номланган лойиҳа мавжуд. Ҳар икки лойиҳада ҳам миллионлаб дарахтларни экишга қаратилган эзгу мақсад мужассам.
Бу саъй-ҳаракатларда ўзаро тўлдирувчанлик руҳи мавжуд. Чунки биз Глобал Жануб мамлакатларимиз, аҳолимиз ёш, раҳбарларимиз узоқни кўзлаб сиёсат юритади. Биз барқарор ривожланиш ғояларига содиқмиз.
Давлатларимиз етакчилари тез-тез учрашиб туришади. Ҳурматли Бош вазиримизнинг Ўзбекистонга ташрифи шулар жумласидандир. Бу бизга турли долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконини беради. Ўзаро ҳамкорлик бўйича кун тартибимиз жуда кенг бўлиб, унда мамлакатларимиз халқларининг манфаатларига алоҳида эътибор қаратилган.
– Савдо-иқтисодий алоқалар икки томонлама шерикликнинг устувор йўналишларидан биридир. Сизнингча, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажмининг ўсишида қайси соҳалар янги драйверларга айланиши мумкин?
– Таъкидлаш лозимки, ўзаро савдо алоқалари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич 1,3 миллиард доллардан ошди, бироқ бу йўналишдаги салоҳиятимиз анча юқори. Икки давлат раҳбарлари савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини белгилаган эди. Транспорт-логистика соҳасидаги имкониятлар чекланганига қарамасдан, ушбу довондан ошиб кетишга эришилди.
Ҳиндистон ва Ўзбекистон табиий ҳамкорлардир. Ўзбекистондан бизнинг мамлакатга, масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳозиргига нисбатан анча кўпроқ миқдорда импорт қилишимиз мумкин. Шунингдек, Ҳиндистондан Ўзбекистонга кўплаб маҳсулотларни қулай ва рақобатбардош нархларда етказиб бериш имконияти мавжуд .
Менимча, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, машинасозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш соҳалари томонларнинг эътибор марказида бўлиб қоладиган йўналишлардир. Бироқ ўрта ва узоқ муддатли истиқболда транспорт-логистика алоқалари янада такомиллашгач, ўзаро савдо алоқалари ривожида кескин ўзгариш рўй беради.
Менимча, қўшма корхоналар фаолиятини ривожлантиришга эътиборни кучайтиришимиз зарур. Ҳиндистоннинг қатор компаниялари бугунги кунда Тошкент фармацевтика паркига сармоя киритганини таъкидлашдан мамнунман. Ҳиндистон вакиллари бошқа турли соҳаларга ҳам сармоя йўналтирмоқда.
Ҳиндистон томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари миқдори 1 миллиард доллардан ошди. Ҳамкорлигимиз келажаги савдо-сотиқ ҳажмининг ошиши билан бир қаторда қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, технологиялар трансферини кенгайтириш, шунингдек, бир-биримизнинг таъминот занжирларимизнинг бир қисмига айланиш каби имкониятларни қамраб олади.
Менимча, келажакдаги ўсишнинг асосий йўналишлари ҳам айнан шундан иборат бўлади.
– Ҳиндистон фармацевтика, тиббиёт ва рақамлаштириш соҳаларида катта тажрибага эга. Сизнингча, Ҳиндистон тажрибасининг қайси йўналишлари Ўзбекистонда энг кўп талабга эга бўлиши ва ушбу соҳаларда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин?
– Икки мамлакат ҳам бир-биридан ўрганиши керак бўлган кўп нарсаларга эга, деб ҳисоблайман. Биз, хусусан, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тўплаган бой тажрибасидан кўп фойдали нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Ҳиндистон эса, айниқса, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳасида қўлга киритган ютуқлари бўлишиши мумкин.
Биз Ўзбекистонда биринчи ИТ-паркни ташкил этишда ёрдам бердик ва муайян роль ўйнадик. Ушбу жараённинг дастлабки концептуал босқичида Ҳиндистоннинг Дастурий таъминот технологиялари парки томонидан мутахассис юборилган эди.
– Ўзбекистон ва Ҳиндистон БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати каби халқаро майдонларда, шунингдек, Ўзбекистон ҳамкор давлат мақомига эга бўлган БРИКС доирасида фаол шериклик қилмоқда. «Марказий Осиё – Ҳиндистон» ва «Глобал Жануб овози» каби форматлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сизнингча, қандай қўшма ташаббуслар Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг халқаро ва кўп томонлама майдонлардаги алоқаларига янги амалий туртки бериши мумкин?
– Биз кўп томонлама форумларда, хоҳ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, хоҳ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бўлсин, аллақачон жуда яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўзбекистоннинг БРИКСга ҳамкор давлат сифатида қўшилганини ҳам чин дилдан олқишлаймиз. Айни пайтда БРИКСга Ҳиндистон раислик қилаётганини яхши биласиз.
Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг кўплаб соҳалардаги қарашлари муштарак. Ташқи сиёсат масалаларидаги позицияларимиз ва геосиёсий воқеаларга берган баҳоларимизда кучли яқинлик мавжуд.
Биз тинчлик нақадар муҳимлиги, тараққиёт қанчалик аҳамиятли экани, низолар музокаралар ва дипломатия йўли билан ҳал қилиниши кераклиги ҳамда тинчлик келажак сари йўл эканини мунтазам тарзда таъкидлаб келамиз.
Давлатларимиз етакчилари Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг кўп томонлама форматдаги ҳамкорлигига жуда катта аҳамият қаратмоқдалар.
Мен аввалги саволингизга яна бир бор қайтмоқчиман. Сиз яна нималар қилиш мумкинлиги ҳақида сўраган эдингиз. Менимча, ҳамкорликнинг марказида инсон манфаатлари туриши керак. Қувонарлиси, ҳар икки томон аллақачон ушбу йўналишда иш олиб бормоқда.
Алоҳида аҳамиятга эга бўлган яна бир йўналиш бор – бу рақамли жамоат инфратузилмаси. Ўзбекистонда мазкур йўналишда аллақачон салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, Ҳиндистонда эса у улкан миқёсда ривожланаётган соҳалардан бирига айланган.
Молиявий ва рақамли боғлиқлик масаласини ҳам кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистонга Ҳиндистондан сайёҳлар оқими кўпаймоқда, мамлакатингизда олий таълим олаётган ҳиндистонлик ёшлар сафи кенгаймоқда. Шунингдек, кўплаб ўзбекистонликлар тиббий туризм мақсадида Ҳиндистонга боришмоқда.
Ҳафтасига мунтазам ўзаро авиақатновлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Тошкент ва Ҳайдаробод ўртасида янги авиарейс йўлга қўйилмоқда.
Шу боис икки мамлакат тўлов тизимларининг ўзаро интеграцияси туфайли тўловларни осон амалга ошириш имконияти яратилса, менимча, бу жуда яхши бўларди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам ўзаро муносабатларимиз учун жуда муҳим. Ушбу масалага комплекс ёндашиш керак. Гап фақат фармацевтика ҳақида кетмаяпти. Ҳиндистонда анъанавий тиббиётнинг жуда кучли тизими - Аюрведа мавжуд. Ўзбекистонда эса Ибн Сино меросига бориб тақаладиган анъанавий тиббиётнинг катта мероси бор.
Бу борада жуда кучли ўзаро тўлдирувчанлик мавжуд. Шунинг учун соғлиқни сақлашга комплекс ёндашувни кўриб чиқишимиз, Аюрведа ва анъанавий тиббиёт соҳаларида янада яқин ҳамкорликни ривожлантиришимиз зарур.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси