Бахтиёр Ибрагимов: Ўзбекистон–Қозоғистон алоқалари изчил тараққий этаётган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига таянади
Апрель 22, 2026. 20:25 • 8 дақ
• 141
ТОШКЕНТ, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга амалий ташрифи арафасида Ўзбекистоннинг Остонадаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов “Дунё” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берди:
– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик яхши қўшничилик анъаналари, умумий тарихий илдизлар ва маънавий-маданий қадриятларга асосланган. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари қандай қилиб янги мазмун билан бойитилмоқда ва унинг устувор йўналишлари нималардан иборат?
– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётган стратегик шериклик тамойилларига асосланган. Икки мамлакатни нафақат географик яқинлик, балки тарихий илдизлар, умумий маданий қадриятлар ва ўзаро манфаатлар ҳам бирлаштириб туради. Шу боис, бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч, очиқлик ва конструктив мулоқот асосида тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Ҳар икки мамлакат минтақанинг иқтисодий етакчилари ҳисобланади. Уларнинг жами иқтисодий салоҳияти тахминан 450 миллиард долларни ташкил этади. Бу эса икки давлатнинг барқарорлиги ва тараққиёти бутун минтақанинг умумий барқарорлиги билан узвий боғлиқ эканидан далолат беради.
Ҳозирги вақтда икки томонлама муносабатларда ҳал этилмаган мураккаб масалалар мавжуд эмас. Аксинча, мавжуд салоҳиятдан икки мамлакат халқлари фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва тараққиётни мустаҳкамлаш йўлида самарали фойдаланиш устувор вазифа ҳисобланади.
Шу боис, асосий эътибор рақобатга эмас, балки ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилмоқда.
– Бугунги кунда Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакат ўртасида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айтингчи, ҳозирда қайси янги йўналишлар ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда?
– Бугунги кунда Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларидан биридир. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айланмаси ҳажми тахминан 5 миллиард долларни ташкил этди.
Давлатларимиз раҳбарлари томонидан ушбу кўрсаткични ўрта муддатли истиқболда, хусусан, 2030 йилга бориб 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бу, шубҳасиз, юксак марра, бироқ мавжуд иқтисодий салоҳият ва ўзаро ҳамкорлик имкониятлари унга эришиш учун етарли асос яратади.
Шу муносабат билан, 2026 йилда товар айланмаси ўсишини камида 20 фоизга таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Ушбу кўрсаткичлар ҳукуматлараро келишувлар ҳамда аниқ ҳисоб-китоблар асосида мустаҳкамланган бўлиб, элчихоналар фаолияти самарадорлигининг асосий мезонларидан бири сифатида қаралмоқда.
– Бугунги кунда элчихона фаолиятида қайси йўналишларга устувор аҳамият берилмоқда? Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган амалий лойиҳалар ва янги ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Экспорт салоҳиятини кенгайтириш фаолиятимизнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Шу муносабат билан, жорий йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1 миллиард 600 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2025 йил ноябрь ойидаги ташрифи якунларига кўра, умумий қиймати тахминан 8 миллиард долларлик янги инвестициявий лойиҳалар тўплами шакллантирилмоқда. Ушбу лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.
Саноат кооперацияси, хусусан, автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. Жумладан, “UzAuto Motors” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган “Cobalt” ва “Onix” автомобиллари учун бутловчи қисмларни йиғиш ва маҳаллийлаштириш, сўнгра уларни Қозоғистон бозорида сотиш бўйича лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида “General Motors” бренди остида ишлаб чиқарилган автомобиллар ўтган йилнинг кузида Қозоғистон бозорида энг харидоргир моделлардан бирига айланди ва ўз сегментида етакчи ўринларни эгаллади. Бу икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясининг амалий натижасини яққол намойиш этади.
Иккинчи йирик йўналиш – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликдир. Ўзбекистон Президентининг 2024 йил август ойидаги ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ, Қозоғистон шимолидаги Қўстанай вилоятида Ўзбекистон томонига 50 минг гектар ер майдони ажратилди. Ушбу ерларни ўзлаштириш ишлари изчил олиб борилмоқда ва ҳозирданоқ ижобий натижалар бермоқда.
Ушбу ютуқларнинг барчаси, энг аввало, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган изчил ва прагматик сиёсат натижасидир. Бундай эътироф нафақат миллий экспертлар, балки халқаро таҳлилий марказлар томонидан ҳам таъкидланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати Марказий Осиёда ҳамкорлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи асосий платформалардан бирига айланди.
– Қозоғистон Президентининг ташрифлари давомида шундай бир фикр билдирилган эди: Қозоғистонда “агар билимли ва комил инсонни тасаввур қилсангиз, у албатта Тошкентни кўрган бўлади”, деган ибора мавжуд. Буни Тошкентнинг Марказий Осиёдаги йирик илм-фан марказларидан бири сифатидаги тарихий ролига ишора сифатида ҳам қараш мумкин...
– Ноябрь ойидаги ташриф доирасида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида ўтказилган қўшма матбуот анжуманида ҳам шу каби мазмундаги фикрлар алоҳида таъкидланган эди. Умуман олганда, Қозоғистон етакчиси Ўзбекистонга, ўзбек халқига, унинг тарихи ва маданиятига катта ҳурмат билан қарайди ҳамда Ўзбекистон раҳбарияти шаънига ҳамиша самимий ва юксак эътирофга лойиқ сўзларни билдиради.
Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан биргаликда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистонга, балки бутун минтақага хизмат қилади. У Марказий Осиё халқларининг – қозоқ, ўзбек, қирғиз, тожик ва бошқа элатларнинг тамаддун меросини бирлаштирувчи ҳамда барча учун бирдек тегишли бўлган умумий маънавий ва илмий макондир.
Шу нуқтаи назардан, марказга ташриф буюрган қўшни давлатлар раҳбарлари унинг мазмун-моҳияти, кўлами ва ғоявий аҳамиятидан чуқур таассурот олганларини изҳор этдилар.
– Бугунги кунда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилаётган ўзбекистонлик сайёҳлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Агар илгари икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар асосан яхши қўшничилик доирасида кўрилган бўлса, эндиликда улар янада теран, биродарлик характерига эга бўлиб бораётгандек. Ижтимоий тармоқларда ҳам Қозоғистон аҳолисининг Ўзбекистон ҳақидаги самимий ва илиқ фикрларига тез-тез дуч келяпмиз. Сиз бу жараёнларни қандай баҳолайсиз?
– Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси ва мажмуаси яқинда Қозоғистон ҳукумати томонидан реставрация қилиниб, меъморчилик, инфратузилма ва умумий кўриниш жиҳатидан замонавий талабларга мувофиқ тўлиқ янгиланди. Шубҳасиз, бу ноёб ва тарихий аҳамиятга молик объектдир.
Шу муносабат билан “зиёрат туризми” тушунчасини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Ўзбекистон Президенти томонидан иқтисодий дипломатия доирасида учта асосий устувор йўналиш — экспорт, инвестиция ва туризм белгилаб берилган. Шу тариқа, туризм стратегик жиҳатдан муҳим бўлган KPI йўналишлардан бири ҳисобланади.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган қозоғистонлик сайёҳлар сони 2 миллион 600 минг кишига етди. Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонга сафарлари ҳам фаол давом этмоқда. Бу икки халқ яқинлигининг амалий ифодасидир.
Бунда зиёрат туризми алоҳида аҳамиятга эга. Бу шунчаки саёҳат эмас, балки маънавий ва диний қадриятларга асосланган тизимли зиёратлардир. Ўзбекистондаги Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Бухородаги “Етти пир” зиёратгоҳлари, Қозоғистонда эса Хўжа Аҳмад Яссавий мажмуаси шундай табаррук масканлар сирасига киради.
Шу боис, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг аксарияти ўз сафар дастурларига Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилишни мақсадли равишда киритмоқдалар. Бу икки халқнинг тарихий, маданий ва маънавий жиҳатдан нақадар яқин эканининг ёрқин намойишидир.
– Малайзия, араб ва бошқа ислом мамлакатларидан келаётган сайёҳлар нафақат Ўзбекистонга, балки Қозоғистон ва Қирғизистондаги тарихий ҳамда табаррук қадамжоларга ҳам ташриф буюриши ҳақида фикрлар мавжуд. Ушбу жараённи Марказий Осиёда туристик ва маданий интеграциянинг чуқурлашиши сифатида баҳолаш мумкинми?
– Шубҳасиз, бу жуда ўринли кузатув. Мен илгари туризм соҳасида фаолият юритганман. 2022 йилда Туризм вазирлиги раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаганман. Шу боис бу йўналишдаги жараёнлар ва муаммолардан яхши хабардорман.
Ўз вақтида ишлаб чиқилган “Олтин ҳалқа” туристик йўналиши айнан зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда Самарқанд, Бухоро ва Туркистон каби муҳим марказларни бирлаштиришга қаратилган эди. Бугунги кунда ушбу йўналиш фаолият кўрсатишда давом этмоқда. Бироқ илгари логистика соҳасида муайян қийинчиликлар мавжуд эди – авиақатновлар сонининг камлиги ва транспорт инфратузилмасининг чеклангани сайёҳларнинг ҳаракатланиш имкониятларига (мобиллигига) таъсир кўрсатган.
Ҳозирги вақтда ушбу йўналишда салмоқли ўзгаришлар юз бермоқда. Бухоро, Самарқанд ва Тошкент ўртасида “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлари фаол қатнови йўлга қўйилган. Жорий йилда Хива йўналишида ҳам юқори тезликдаги темир йўл қатновини ишга тушириш режалаштирилган.
Тошкентдан Туркистонга ва Хўжа Аҳмад Яссавий мажмуасига борадиган йўналишга тўхталадиган бўлсак, илгари бу ерда ҳам муайян қийинчиликлар мавжуд эди. Асосий чегара ўтказиш пунктлари – Ўзбекистондаги “Ғишткўприк” ва Қозоғистондаги “Жибек Жоли” мажмуалари замон талабларига тўлиқ жавоб бермай қолган эди.
Шу боис, 2025 йил бошида ушбу чегара инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари бошланди ва жорий йил давомида ўтказувчанлик қуввати кунига 50 минг кишигача бўлган янги, замонавий икки томонлама мажмуа фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Туркистондан Тошкентга, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Урганч йўналишлари бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш борасида иш олиб борилмоқда. Бу йўлдаги вақт сарфини сезиларли даражада қисқартиради ва зиёрат сафарларининг қулайлигини оширади.
Умуман олганда, туризм соҳасида, айниқса, зиёрат йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ва ушбу соҳада белгиланган вазифаларнинг ижроси энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси