Logo

Тедрос Адханом Гебрейесус: Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Апрель 22, 2026. 09:00 • 6 дақ

296
Тедрос Адханом Гебрейесус: Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

ТОШКЕНТ, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус “Дунё” АА мухбири саволларига жавоб берди:

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва натижаларини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, улардан қайси бири аҳоли учун тиббий хизматлар сифати ва оммабоплигини оширишга катта таъсир кўрсатди?

– Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ўзгартириш бўйича ҳақиқатан ҳам кенг кўламли ва улкан дастурни амалга оширмоқда. Ислоҳотларнинг кўлами ва уларни ривожлантиришнинг аниқ стратегик кўриниши алоҳида ажралиб туради.

Мамлакатингиз асосан стационар даволанишга асосланган моделдан инсонга йўналтирилган кучли бирламчи тиббий-санитария ёрдамига асосланган тизимга изчил ўтиб бормоқда. Бундай ёндашув тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштиради, саломатликни мустаҳкамлашга ёрдам беради ҳамда хизматлардан кенг фойдаланишни таъминлайди.

Сирдарё вилоятидаги намойиш платформасида жорий этилган инновациялардан тортиб, тизимли ўзгаришларгача, соғлиқни сақлаш тизими чуқур ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, бу эса беморлар учун сезиларли натижалар бермоқда.

Асосий ўзгаришлар касалликларнинг олдини олиш ва бошқаришга эътибор қаратган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, рақамли ечимларни фаол ривожлантиришни ўз ичига олади. Ушбу чора-тадбирлар аллақачон соғлиқни сақлаш тизимининг қулайлиги, самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, аслида бутун тизимнинг асосини ташкил этувчи тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш кучаймоқда: меҳнат шароитлари, рағбатлантирувчи механизмлар ва тиббий таълим тизими такомиллаштирилмоқда, бу эса амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлайди.

– Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти ва ўзига хос жиҳатларини қандай таърифлаган бўлардингиз? Қайси асосий ютуқларни алоҳида қайд этасиз?

– ЖССТнинг Ўзбекистонда доимий ва фаол иштироки мавжуд бўлиб, бу давлат идоралари билан яқин ҳамкорликда эксперт кўмагини кўрсатиш, илғор халқаро тажриба билан бўлишиш ва уни миллий шароитларга мослаштириш имконини беради.

Ҳамкорлигимиз ягона мақсад – Ўзбекистондаги ҳар бир инсон, яшаш жойидан қатъий назар, молиявий қийинчиликларга дуч келмасдан, профилактикадан тортиб паллиатив ёрдамгача бўлган зарур тиббий хизматлардан фойдалана олишини таъминлаш, яъни аҳолини соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олишга эришишга асосланган.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимининг трансформация қилиниши бу каби ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. ЖССТ ушбу жараённи сиёсатни ишлаб чиқишдан тортиб, уни амалда жорий этиш ва натижаларни баҳолашгача бўлган барча босқичларда кузатиб бормоқда.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида комплекс бригадаларни шакллантириш, ўрта тиббиёт ходимларининг ролини кенгайтириш, жумладан, шифокоргача бўлган маслаҳатлар ва бирламчи кўрикни жорий этиш, патронаж ҳамширалари институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ЖССТ протоколлари ва клиник тавсиялари асосида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва даволашга доир замонавий ёндашувлар татбиқ этилмоқда.

Шу муносабат билан биз эришилган натижаларни мустаҳкамлаб, бирламчи бўғинни янада кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичини очиб берган Президентнинг ПФ-88-сон Фармони қабул қилинганини олқишлаймиз.

Фавқулодда вазиятларга тайёргарликни таъминлаш ва соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. 40 дан ортиқ ҳамкор иштирокида ишлаб чиқилган Жамоат саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши идоралараро ҳамкорлик ва стратегик режалаштиришнинг юксак даражасидан далолат беради. Шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт, ветеринария ва экология соҳалари мутахассисларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи “Ягона саломатлик” ёндашувини фаол илгари сурмоқда.

ЖССТ бирламчи бўғин шифокорларию лаборатория мутахассисларидан тортиб, бошқарувчилар ва миллий етакчиларгача – барча даражадаги кадрлар салоҳиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга эканидан фахрланади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали касалликларнинг самарали олдини олишга, таҳдидларни ўз вақтида аниқлашга ва инқирозларга тезкор муносабат билдиришга қодир тизим шакллантирилмоқда.

Онкологик касалликларга қарши курашишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. ЖССТ Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этишга, жумладан, онкология хизматини модернизация қилиш учун Ислом тараққиёт банки молиявий маблағларини жалб этиш орқали сиёсий қатъиятини юқори баҳолайди. Сифатли онкологик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, шунингдек, халқаро шериклар билан ҳамкорлик, шу жумладан болалар саратонига қарши курашиш бўйича глобал ташаббусларда иштирок этиш ривожлантирилмоқда.

– Келажакда ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг қандай устувор йўналишларини кўряпсиз?

Шунингдек ўқинг

– ЖССТ Ўзбекистон билан қатор муҳим йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта салоҳиятни кўрмоқда.

Аввало, бу хизматлар сифати ва узлуксизлигини таъминлаган ҳолда бирламчи тиббий-санитария ёрдами ислоҳотларини янада кенгайтириш, жумладан, беморларни йўналтириш тизимини такомиллаштириш ва жамоавий ёндашувни ривожлантиришдир.

Аҳолининг бевосита харажатларини камайтириш ва ресурслардан янада самарали фойдаланиш орқали тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кадрлар салоҳияти ва тиббий таълим тизимини, айниқса оилавий тиббиёт, ҳамширалик иши ва қишлоқ жойларда мутахассисларни мустаҳкамлаш бўйича ривожлантириш ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Руҳий саломатлик, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, иқлим ўзгаришининг саломатликка таъсири, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг зўравонликнинг олдини олиш ва унга жавоб беришдаги роли каби соҳаларда қўшимча имкониятлар очилади.

Ўзбекистон онкология соҳасида, жумладан, миллий стратегияни ишлаб чиқиш, регистрларни модернизация қилиш ва замонавий клиник протоколларни жорий этишда етакчилик қилмоқда.

Умуман олганда, гап замонавий, комплекс ва илмий асосланган, аввало, касалликларнинг олдини олишга йўналтирилган соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш ҳақида бормоқда. ЖССТ ушбу ўзгаришларни жадаллаштиришда Ўзбекистонни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайди.

– Ўзбекистонга амалга ошираятган ташрифингиздан нималарни кутяпсиз?

– Менинг ташрифим мамлакат раҳбарияти ва ҳамкорлар билан мазмунли мулоқот ўтказиш, оралиқ натижаларни сарҳисоб қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни белгилаш имконини беради.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами ислоҳотларининг маҳаллалар даражасида амалга оширилиши билан амалда танишиш, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва беморларнинг фикрларини эшитиш мен учун айниқса долзарбдир.

Ташриф ҳамкорлигимизни ривожлантиришга қўшимча туртки беради ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишларни, жумладан, бирламчи тиббий ёрдам, кадрлар салоҳияти, молиялаштириш тизими ва касалликларнинг олдини олишни ривожлантиришни келишиб олиш имконини беради.

Аввало, у Ўзбекистоннинг барча аҳолиси учун сифатли ва арзон тиббий хизматлардан тенг фойдаланишни таъминлашга бўлган умумий интилишимизни тасдиқлайди.

Ўзбекистон онкологик касалликларга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришмоқда ва минтақавий ҳамда глобал миқёсда етакчи ўринларни эгаллашга интилмоқда. Умид қиламанки, ташриф эришилган натижалар билан шахсан танишиш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Биринчи хоними билан биргаликда 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида болалар саратонига қарши курашга бағишланган муҳим тадбирни ўтказиш мен учун катта шараф бўлди. ЖССТ Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, ушбу ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш ниятида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш