Александр Федулов: Самарқанд декларацияси минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади
Апрель 22, 2026. 20:24 • 2 дақ
• 115
САМАРҚАНД, 22 апрель. /“Дунё” АА/. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили ўринбосари Александр Федулов “Дунё” ААга Самарқандда бўлиб ўтган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум юзасидан фикр билдирди:
– Самарқанд шаҳрида ташкил этилган мазкур форум гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш, унинг жамоат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигига таъсирининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Тан олиш керак, халқаро ҳамжамият томонидан кўрилаётган чораларга қарамай, гиёҳвандлик муаммоси дунё миқёсида ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Бу ҳолат кўплаб мамлакатларни, жумладан, бизнинг минтақамизни ҳам ҳамкорликни кенгайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
Форум давомида Самарқандга ташриф буюрган юқори мартабали экспертлар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, наркоманликнинг олдини олиш, даволаш ва фуқаролик жамияти билан ишлаш соҳасида ўз таклиф ва ташабуссларини билдирди.
Асосий эътибор ёшлар ўртасида наркотик моддалар айланишининг олдини олиш, наркоқарамликни даволаш ҳамда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш масалаларига қаратилди.
Биз Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Гиёҳванд моддалар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда махсус декларация тайёрладик. Бу декларатив ҳужжат бўлиб, унда ҳамкорлик тамойиллари ва мантиқий асослари акс этган.
Фикримча, “Самарқанд форуми декларацияси” минтақа давлатлари ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун асос яратди. Бунда ёшлар ўртасида профилактика ишлари, фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва божхона органларининг ўзаро алоқалари каби йўналишлар тизимли қамраб олинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси