Эртага Тошкентда “TransLogistica Uzbekistan 2026” ва “Securex Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлайди

Ноябрь 09, 2026. 21:00 • 6 дақ

• 20
Эртага Тошкентда “TransLogistica Uzbekistan 2026” ва “Securex Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлайди

ТОШКЕНТ, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. 10–12 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Транспорт ва логистика – TransLogistica Uzbekistan 2026” ҳамда “Умумий хавфсизлик тизимлари – Securex Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмалари бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“TransLogistica Uzbekistan” ва “Securex Uzbekistan” халқаро кўргазмаларининг биргаликда ўтказилиши замонавий иқтисодиёт ривожининг стратегик аҳамиятга эга бўлган икки муҳим йўналиши — транспорт-логистика инфратузилмаси ва умумий хавфсизликни ўзида бирлаштирган ноёб профессионал платформани яратади.

Савдо алоқаларининг глобаллашуви, юк оқимларининг ортиб бориши ҳамда иқтисодий жараёнларнинг жадал рақамлаштирилиши шароитида ишончли логистика транспорт тизимлари, омбор мажмуалари, ишлаб чиқариш объектлари ва ахборот ресурслари хавфсизлигини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир.

Кўргазмаларда транспорт-логистика соҳаси ва хавфсизлик саноати учун мўлжалланган замонавий ечимлар намойиш этилиб, ишлаб чиқарувчилар, ускуналар ва хизматлар етказиб берувчилар ҳамда тегишли соҳа мутахассисларини бир майдонда бирлаштиради.

“TransLogistica Uzbekistan” ва “Securex Uzbekistan” қўшма экспозициясида 16 та мамлакат – БАА, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Грузия, Корея Республикаси, Латвия, Литва, Нидерландия, Россия, Тожикистон, Туркия, Хитой, Эстония, Ўзбекистон ва Қозоғистон 120 та компания ва бренд иштирок этади.

Ташкилотчилар – “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group”.

“TransLogistica Uzbekistan” кўргазмаси ҳар йили транспорт, логистика ва экспедиторлик компаниялари вакиллари, инфратузилма операторлари, давлат ташкилотлари ҳамда халқаро бизнес доиралари вакилларини бир майдонда жамлайди.

Кўргазманинг бош ҳомийси – юкларни ҳаво транспорти ва автомобил орқали ташиш, божхона расмийлаштируви хизматларини таклиф этувчи Ўзбекистоннинг “Fly Khiva” компанияси.

Миллий экспозициялар анъанавий тарзда Беларусь Республикаси ва Латвия томонидан тақдим этилади. Бу йил кўргазмада илк бор Эстония ва Грузиянинг миллий стендлари ҳам иштирок этади.

Эстония миллий стенди денгиз портлари (Таллинн порти, Силламäе порти), темир йўл операторлари (Эстония темир йўллари, Operail), мамлакатнинг қатор транспорт-логистика компанияларини бирлаштиради.

Грузия миллий стенди мамлакатни Марказий Осиёга олиб борувчи йўналишдаги транзит хаб сифатида намойиш этади. Экспозицияда Тбилиси қуруқ порти “Abu Dhabi Ports Group” ва “Wilhelmsen Port Services Georgia” компанияларининг порт ва терминал хизматлари, “KairosLogistics”, “Alog Georgia” ва “YU-El-Si Terminal” компанияларининг экспедиторлик ҳамда божхона расмийлаштируви хизматлари, “Danigi” компаниясининг автомобиль транспортида юк ташиш хизматлари, шунингдек, “SavvY” компаниясининг янги бозорларга чиқиш бўйича консалтинг хизматлари тақдим этилади. 

“TransLogistica Uzbekistan” экспозицияси транспорт-логистика соҳасининг асосий йўналишларини қамраб олади: Халқаро экспедиторлик ва мультимодал юк ташиш хизматлари, жумладан, Хитой, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги йўналишлар бўйича хизматлар “System88” ва “CIS Global Logistics” (БАА), “TransAsia Transport” ва “Yiwu Suyi” (Хитой), “Unico Logistics” (Корея Республикаси), “Дунё” (Тожикистон), “Napram” ва “Sino Railway” (Ўзбекистон) компаниялари томонидан тақдим этилади.

Темир йўл орқали юк ташиш ва ҳаракатланувчи таркибга хизмат кўрсатиш йўналишида Латвия темир йўллари, “Alfa Spedishn” (Беларусь), “Temiryo‘lkargo” (Ўзбекистон) ва “МТЗ Трансмаш” (Россия) компаниялари ўз хизматларини намойиш этади.

Лойиҳа ва ностандарт ўлчамли юкларнинг логистикаси “RM Logistics” (Қозоғистон) ва “Miss Project” (Туркия) компаниялари томонидан тақдим этилади. Омбор ва терминал инфратузилмаси, денгиз портлари ҳамда аеропортлар йўналишида “Ventspils” эркин порти, Рига аэропорти, “Uzbekistan Airports” ҳамда йилига 450 минг TEU қувватига эга “Silkway CA” логистика маркази ўз имкониятларини намойиш этади.

Логистика жараёнларини рақамлаштириш ва ташқи савдо операциялари йўналишида “Flexobo” ва “ATI.SU” платформалари (Ўзбекистон), “SIGIS” (Латвия) юк ташишларни бошқариш тизими ҳамда “Texnologii Oneks” (Россия) тўлов ва ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) агентлиги ўз ечимларини тақдим этади. Бундан ташқари, “DAF Trucks” (Нидерландия) компанияси юк автотранспорти ва унга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўз ечимларини тақдим этади.

“Securex Uzbekistan” кўргазмаси кўп йиллардан буён профессионал мулоқот, инновацион ишланмаларни намойиш этиш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Кўргазма маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, технологияларни ишлаб чиқувчилар, ихтисослаштирилган ускуналар етказиб берувчилар, комплекс хавфсизлик соҳаси экспертлари ва мутахассисларини бирлаштириб, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда профессионал тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратади.

Экспозицияда техник хавфсизлик тизимлари, ёнғиндан ҳимояланиш, киберхавфсизлик ҳамда муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги замонавий технологиялар ва ечимлар намойиш этилади.

Техник хавфсизлик тизимлари сегментида видеокузатув, киришни назорат қилиш ва бошқариш, қўриқлаш сигнализацияси бўйича ечимлар намойиш этилади: “Akuvox” (Хитой) – IP-видеодомофон тизимлари ва “ақлли уй” ечимлари; “Bisen Smart Access” (Хитой) – киришни назорат қилиш тизимлари, шлагбаумлар ва автотураргоҳ тизимлари; “ИПРо” (Россия) – GSM вa Wi-Fi сигнализация тизимлари; “Vinlad” (Ўзбекистон) – комплекс хавфсизлик тизимларини лойиҳалаш ва жорий этиш хизматларини тақдим этади. 

Ёнғин автоматикаси ва ёнғинни ўчириш ускуналари “Гефест” (Россия) компанияси томонидан, ёнғинга қарши клапанлар “Цветлит” (Беларусь) томонидан тақдим этилади. Шунингдек, Хитойнинг “Jiangxi Dingfeng” ва “Jiujiang Zhengxin” компаниялари ёнғин-қутқарув ускуналари ҳамда ҳимоя кийим-бошларини намойиш этади.

Криминалистика ва махсус технологиялар алоҳида йўналишни ташкил этади. Ушбу йўналишда “Foster + Freeman” (Буюк Британия) компаниясининг ҳужжатлар, бармоқ излари ва турли изларни экспертиза қилиш ускуналари, “Регула” (Беларусь) компаниясининг ҳужжатлар ва банкнотларнинг ҳақиқийлигини текширишга мўлжалланган ечимлари, “Rohde & Schwarz” (Германия) компаниясининг ҳимояланган алоқа тизимлари намойиш этилади.

“TransLogistica Uzbekistan” кўргазмасининг дебютантлари қаторидан Хитой, Европа ва Марказий Осиё ўртасида темир йўл ҳамда мультимодал юк ташиш хизматларига ихтисослашган “Sino Railway”, “Alfa Rail Export”, “UAB Blunitrans” компаниялари, лойиҳа логистикаси йўналишида фаолият юритувчи “RM Logistics” вa “Miss Project”, терминал инфратузилмаси соҳасидаги “Universal Logistics Services” вa “Silkway CA” компаниялари ўрин олган.

Соҳага оид рақамли ечимлар эса “Flexobo” платформаси ҳамда “Технологии Онекс” тўлов ва ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) агентлиги томонидан тақдим этилади. 

“Securex Uzbekistan” кўргазмасининг дебютантлари қаторидан “Akuvox”, “Foster + Freeman Ltd.”, “Jiangxi Dingfeng Equipment Technology Co.”, Ltd.”, “Цветлит”, “Унитар Корхона” ва “Jiujiang Zhengxin Fire Fighting Equipment Co.”, “Ltd.” компаниялари ўрин олган.

Кўргазмаларда тақдим этиладиган инновацион ечимлар, замонавий технологиялар ва илғор ишланмалар соҳа мутахассисларига тармоқлардаги долзарб тенденциялар билан яқиндан танишиш, амалий тажриба алмашиш, операцион самарадорликни ошириш ва бизнес жараёнлари хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали воситаларни топиш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради.

Қўшимча маълумот олиш учун “Iteca Exhibitions” матбуот хизматига мурожаат қилишингизни сўраймиз

Teл: + (998 71) 205-18-18,

E-mail: pr@iteca.uz; www.trans.uz   www.securex.uz 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш