Михаэль Кортенбуш: ОТБ саммитининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади
Май 06, 2026. 17:55 • 3 дақ
• 96
САМАРҚАНД, 6 май. /“Дунё” АА/. Цюрихдаги “Business and Finance Consulting” компанияси раҳбари Михаэль Кортенбуш “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Самарқандда бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди:
– ОТБнинг йиллик йиғилишини Самарқандда ўтказиш Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу мамлакатнинг ва бутун минтақанинг халқаро миқёсдаги нуфузини сезиларли даражада оширади. Шунингдек, бу ташаббус Ўзбекистоннинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканини намоён этиш имконини беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ривожланишнинг бир қатор асосий йўналишларини қамраб олган ёндашуви менда алоҳида таассурот қолдирди. У ўз стратегиясида еттита устувор йўналишни белгилаб берган бўлиб, улар орасида давлат сиёсатини ислоҳ қилиш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ошириш муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, инсон капиталини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан инсон капитали асосий омил бўлиб, аввал билим, кўникма ва самарали тузилмалар шаклланади, шундан кейингина инвестициялар жалб этилади. Мутахассисларни тайёрлаш, кичик ва ўрта бизнес, қишлоқ хўжалиги ҳамда банк секторини ривожлантириш инвестицияларни янада самарали ва камроқ хатарли қилади, бу эса ўз навбатида кўпроқ хорижий инвесторларни жалб этишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатда инвестиция муҳити ва иқтисодий ислоҳотлар ижобий баҳоланмоқда. Сўнгги йилларда бу йўналишда мустаҳкам пойдевор яратилди ва эндиликда дастлабки натижалар кўзга ташланмоқда. Бу жараёнларни қишлоқ хўжалигига ўхшатиш мумкин: экилган уруғлар ҳосил беришгача маълум вақт талаб қилади.
Бугунги кунда дастлабки ютуқлар кузатилмоқда, бу эса танланган йўлнинг тўғри эканини кўрсатади. Бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш муҳим, чунки барқарор ривожланиш вақт ва сабрни талаб қилади.
Ушбу саммитнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга ва янги инвестициялар оқимини рағбатлантиришга хизмат қилади. Бундай тадбирлар фикр алмашиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим майдондир.
Хусусан, Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси билан боғлиқ ташаббуслар ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар амалга оширилмоқда. Бундай учрашувлар мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш ва иқтисодий ўсишни янада рағбатлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси