Logo

Оливье Куэми: Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам оламшумул ўзгаришлар рўй берди

Май 04, 2026. 12:55 • 3 дақ

185
Оливье Куэми: Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам оламшумул ўзгаришлар рўй берди

САМАРҚАНД, 4 май. /“Дунё” АА/. Европа инвестиция банкининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Оливье Куэми “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишининг аҳамияти ҳақида фикр юритди:

– Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш Ўзбекистон нималарга қодир эканининг жуда яхши намунасидир. Бу ерда ҳукуматлар, давлат ва хусусий сектор, халқаро молия институтлари вакиллари жам бўлди.

Мен Европа Иттифоқининг молиявий институти – Европа инвестиция банки вакили бўламан. Биз ҳар йили ОТБнинг йиллик йиғилишида иштирок этамиз, чунки банк билан бутун Осиё бўйлаб яқин ҳамкорлик қилиб, минтақалар ва қитъаларни боғлашга қаратилган лойиҳаларни биргаликда молиялаштирамиз.

Ўтмишда Сурхондарё вилоятидаги “Шеробод” қуёш лойиҳасини молиялаштирган эдик. Бу 450 мегаваттли йирик электр станцияси бўлиб, Ўзбекистонни тоза энергия билан таъминлайди. Келгусида биз транспорт лойиҳаларини – йўл ва темир йўллар қурилишини, шунингдек, бутун Марказий Осиё бўйлаб энергия тармоқларини ривожлантиришни биргаликда молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз. Бундан ташқари, рақамли алоқа муҳим йўналиш ҳисобланади: сунъий йўлдош лойиҳалари ва кенг полосали интернетни, шу жумладан оптик толали тармоқларни ривожлантириш.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам оламшумул ўзгаришлар юз берди. Иқтисодиёт сезиларли даражада ўсди ва хусусий секторнинг роли кучайди. Бунга Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилган тўғри ислоҳотлар туфайли эришилди. Ўз вақтида биз ҳукуматни қонунчиликни инвесторлар учун янада жозибадор қилиш мақсадида ўзгартириш бўйича маслаҳат бердик ва бу сезиларли натижалар берди. Дастлаб хорижий инвестициялар энергетика соҳасига, кейин эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига фаол кириб келди.

Бугунги кунда хорижий компаниялар энергетика, сув таъминоти, транспорт, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга сармоя киритмоқда. Бу иқтисодий ривожланиш ва иш ўринларини яратиш учун жуда муҳим, айниқса, Ўзбекистонда яхши маълумотга эга бўлган кўплаб ёш ва иқтидорли инсонлар борлигини ҳисобга олсак. Бу кейинги авлод учун имконият яратади. Мамлакат таълим ва коммуникация соҳаларида ҳам фаол ривожланмоқда – инглиз тилини билиш одамларга хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш ва бизнес юритишда ёрдам беради.

Айни пайтда Европа инвестиция банки Тошкентда бутун минтақани назорат қиладиган офис очмоқда. Расмий очилиш маросими шу йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш