“Вечерний Бишкек”: Саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, шунингдек, транспорт-логистика лойиҳалари Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлигининг асосий йўналишлари бўлиб қолмоқда
Август 29, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 69
БИШКЕК, 29 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг нуфузли “Вечерний Бишкек” нашрида Ўзбекистон ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бугун нафақат хавфсизлик ва сиёсий мулоқот, балки савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва технологик ҳамкорликнинг муҳим майдонига айланиб бормоқда.
Ташкилотга аъзо 10 давлат Евроосиё ҳудудининг 65 фоиздан ортиғини қамраб олиб, дунё аҳолисининг 42 фоизидан кўпроғини бирлаштиради. Уларнинг ялпи номинал ЯИМ 26 триллион доллардан ошиб, жаҳон иқтисодиётининг қарийб чорак қисмини ташкил этади.
ШҲТ давлатлари иқтисодиёти 2025 йил якунига кўра қарийб 5 фоизга ўсди. Бу жаҳон иқтисодиётининг ўртача 3,4 фоизлик ўсиш кўрсаткичидан юқори. Мамлакатларнинг ресурслар, ишлаб чиқариш, технология ва истеъмол бозорлари жиҳатидан ўзаро фарқ қилиши эса ихтисослашув, кооперация ва инвестициявий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда ШҲТ доирасида ўзаро савдо ҳам сезиларли кенгайди. 2015–2024 йилларда ташкилот давлатларининг ички савдо ҳажми 271 миллиард доллардан 674 миллиард долларгача, яъни қарийб 2,5 баробар ошди. Бу жараён транспорт йўлакларининг ривожланиши, рақамлаштириш ва миллий валюталардаги ҳисоб-китобларнинг кенгайиши билан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан иқтисодий алоқалари ҳам жадал ривожланмоқда. 2017–2025 йилларда мамлакатнинг ШҲТ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 12,9 миллиард доллардан 40,6 миллиард долларгача, яъни 3,1 баробар ошди. 2025 йилда ушбу давлатлар ҳиссаси Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб ярмини ташкил этди.
Савдода асосий шериклар Хитой, Россия ва Қозоғистон бўлиб, уларнинг улушига Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан умумий савдосининг қарийб 87 фоизи тўғри келди. Ўзбекистондан мева-сабзавот, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника ва автомобилсозлик маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Импортда эса машина ва ускуналар, саноат маҳсулотлари, хомашё ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари салмоқли ўрин эгалламоқда.
2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига асосий капиталга йўналтирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 33,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу маблағларнинг катта қисми қайта ишлаш саноати, энергетика ва тоғ-кон соҳаларига йўналтирилди. Мазкур тармоқлар ШҲТ давлатлари билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга.
Ўзбекистон учун ШҲТ доирасидаги транспорт ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади. Сўнгги беш йилда ташкилот давлатлари билан халқаро юк ташиш ҳажми 40 фоизга ошиб, 2025 йилда 33,5 миллион тоннага етди. Бу Ўзбекистон халқаро юк ташишларининг қарийб 80 фоизини ташкил этади.
Шу нуқтаи назардан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли стратегик аҳамиятга эга. Янги йўналиш Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европага чиқиш масофасини тахминан 900 километрга, етказиб бериш муддатини эса 7–8 кунга қисқартириши мумкин. Йиллик ташув ҳажми 12–15 миллион тоннага баҳоланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси