Logo

Вилас С.Дхар: Дунёга кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларини янги воқеликка мослаштира оладиган ривожланиш институтлари зарур

Май 05, 2026. 17:25 • 2 дақ

92
Вилас С.Дхар: Дунёга кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларини янги воқеликка мослаштира оладиган ривожланиш институтлари зарур

САМАРҚАНД, 5 май. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Патрик МакГоверн жамғармаси президенти Вилас С.Дхар “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишининг аҳамияти ҳақида гапирди:

– ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишини Самарқандда ўтказиш алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозир биз дунёдаги чуқур ўзгаришлар даврида яшаяпмиз, ҳамма нарса янгидек туюлади. Бундай пайтда қадимий тарихга эга жойда бўлиш жуда муҳим. Чунки бу масканда цивилизация мужассам.

Бугун биз дуч келаётган кўплаб муаммолар ўтмишда аллақачон содир бўлган. Самарқанд – бу ўзгариб бораётган дунё ҳақида фикр юритадиган, ўтмишдан сабоқ оладиган ва келажакка қарашни шакллантирадиган учрашувлар ўтказиш учун ҳақиқатан ҳам ноёб жойдир.

Осиё тараққиёт банкининг келажаги ҳақида гапирганда, мен ушбу ташкилотнинг бир қисми бўлмаган ҳолда, ташқи кузатувчи сифатида иштирок этаётганимни таъкидламоқчиман. Шунга қарамай, дунёга кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларини янги воқеликка мослаштира оладиган ривожланиш институтлари зарур.

Шунингдек ўқинг

Сунъий интеллект соҳасида ишлаётганимда шуни кўраманки, сунъий интеллектни ривожлантириш бир ёки икки давлатнинг қўлида жамланиши мумкин эмас, бу умумий бойлик бўлиши керак. ОТБ каби ташкилотлар Марказий Осиё мамлакатларида сунъий интеллектни қўллашга эътибор қаратиши керак. Биз учун Ўзбекистон ва қўшни давлатлар тажрибасини ўрганиш ва бу билимларни глобал миқёсда баҳам кўриш муҳимдир.

Бу менинг Марказий Осиё ва Ўзбекистонга биринчи ташрифим. Бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораман. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жуда ишончли ва истиқболли кўринмоқда. Энг муҳими, улар давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни назарда тутади. Бу эса жамиятнинг янги кўринишини шакллантириш ва инновацияларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Минтақада сунъий интеллект соҳасида сезиларли ютуқлар кузатилмоқда. Улар қишлоқ хўжалиги, саноат, логистика ва транспорт каби соҳаларга тегишли. Бироқ, бу ташаббусларнинг глобал тизимга интеграциялашуви ҳали етарли даражада ривожланмаган. Айнан шу ерда халқаро институтлар ва миллий раҳбариятнинг роли муҳим. Улар Ўзбекистон тажрибасини дунёга тақдим этишга ва уни глобал контекстга киритишга ёрдам бериши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш