Logo

Саудия Арабистонидан муносабат: Тошкентдаги янги марказ Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Март 26, 2026. 17:21 • 2 дақ

63
Саудия Арабистонидан муносабат: Тошкентдаги янги марказ Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади

АР-РИЁЗ, 26 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши муносабати билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш бўйича халқаро марказ (ИРСИКА) бош директори Маҳмуд Эрол Қилич табрик йўллади:

– Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан бири сифатида, мазкур ташкилот таркибидаги Ислом тарихи, санъати ва маданияти бўйича тадқиқотлар маркази бош директори сифатида Президент Шавкат Мирзиёевни, шунингдек, барча ўзбек халқини ва бутун ислом оламини ушбу қувончли воқеа билан самимий муборакбод этаман.

Янги барпо этилган ушбу муҳташам мажмуада бетакрор меъморчилик ечимлари, гўзал заллар ва бой кўргазмалар яратилган. ИРСИКА учун ҳам мазкур бинода махсус зал ажратилди. Иншооллоҳ, бу ерда турли тадбирлар, жумладан, хаттотлик кўргазмаларини ташкил этамиз.

Бугунги глобал беқарорлик шароитида Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази ислом маданиятини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. У Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу мажмуа ислом оламининг етакчи илмий-маърифий марказларидан бирига айланиб, хилма-хиллик, плюрализм, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Шунингдек ўқинг

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жаҳон тарихида муҳим ўрин тутган Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарларнинг чуқур исломий меросини намоён этувчи ушбу гўзал марказ дунё жамоатчилигининг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг ислом оламига қўшган ҳиссаси тарихий, фалсафий, тасаввуфий ва маданий жиҳатдан ниҳоятда улкандир. Шу боис, ушбу марказга ташриф буюрувчи меҳмонлар ана шу бой мерос билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади, деб умид қиламан.

Энг муҳими, ушбу янги мажмуа ислом оламининг жаҳон цивилизациясидаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, халқлар ўртасида тинчлик ва ўзаро англашув маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш