Logo

Германиядан эътироф: Тошкентдаги мега-лойиҳа бутунжаҳон эътиборига тушмоқда

Март 26, 2026. 14:56 • 3 дақ

55
Германиядан эътироф: Тошкентдаги мега-лойиҳа бутунжаҳон эътиборига тушмоқда

БЕРЛИН, 26 март. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида фаолият юритаётган “Cultur-Cooperation International e.V.” ташкилоти раҳбари, исломшунос олима Кэтлин Гёбел “Дунё” ААга берган интервьюсида Ўзбекистонда барпо этилган Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди:

Кэтлин Гёбелнинг таъкидлашича, ташкилот Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, турли вазирлик ва идоралар билан илм-фан ва маданият соҳаларида узоқ йиллардан бери самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ана шу ҳамкорлик доирасидаги энг муҳим ва интиқлик билан кутилган лойиҳалардан бири – Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш жараёни бўлди.

Эксперт марказ қурилиши жараёнини халқаро анжуманлар ва конгресслар орқали мунтазам кузатиб борганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан олимлар жалб этилган мазкур лойиҳа ўз кўлами ва жадал ривожи билан доим ҳайрат уйғотган.

Бугунги кунда нафақат бинo қурилиши, балки унинг интерьери ҳам тўлиқ ва мукаммал тарзда жиҳозланган. Марказ маҳобати ва мазмуни жиҳатидан дунёдаги энг йирик ва замонавий музейлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, у қисқа вақт ичида нуфузли халқаро мукофотга ҳам сазовор бўлган.

Олиманинг фикрича, дин инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, унинг кундалик турмуш тарзини шакллантиради. Қадриятлар, меъёрлар ва хатти-ҳаракатларга таъсир кўрсатадиган дин амалда намоён бўлади, яъни цивилизацияга айланади.

Шу нуқтаи назардан, марказнинг “Ислом цивилизацияси маркази” деб номланиши унинг мазмунан кенг қамровли эканини кўрсатади. Бу ёндашув динни тор доирада эмас, балки кенг ижтимоий ва маданий ҳодиса сифатида талқин қилиш имконини беради.

Шунингдек ўқинг

Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳудудида тарихан турли дин ва миллат вакиллари – мусулмонлар, яҳудийлар ва бошқа жамоалар тинч-тотув яшаганлиги алоҳида таъкидланди. Улар савдо, ҳунармандчилик ва илм-фан соҳаларида ҳамкорлик қилиб, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини шакллантирган. Бу эса мамлакатда кўпқиррали маданий муҳит ва кучли бағрикенглик анъаналари мавжуд бўлганини кўрсатади.

Марказда энг илғор технологиялар – сунъий интеллект, интерактив “talking heads” тизимлари ва бошқа инновацион ечимлардан фойдаланилмоқда. Бу орқали ўтмишдаги тарихий жараёнлар бугунги кун билан боғланмоқда.

Бу ёндашув инсоният фақат ўтмиш билан чекланиб қолмасдан, балки тарихий мероснинг бугунги кундаги аҳамиятини ҳам англаши лозимлигини кўрсатади.

Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан кўплаб буюк алломалар жаҳон илм-фани ва фалсафаси тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Улар Европада ўрта асрлар даври илм-фани ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Шу боис, мазкур марказ нафақат миллий, балки глобал аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан сифатида баҳоланмоқда.

Бу ташаббус замирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси ва стратегик қарашлари ётади. Марказ янги очилганига қарамай, аллақачон кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар у ерда ўз ваколатхоналарини очишни бошлаган. Бу эса улар ўртасида самарали мулоқот ва ҳамкорликни таъминлаш имконини бермоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш