Logo

"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги китоб-альбомлар Саксония федерал ўлкаси музейларига тақдим этилди

Май 23, 2025. 17:05 • 2 дақ

83
"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги китоб-альбомлар Саксония федерал ўлкаси музейларига тақдим этилди

БЕРЛИН, 23 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан тақдим этилган 50 жилдлик "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги китоб-альбомлар Саксония федерал ўлкаси Маданият ва туризм вазирлигига топширилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Дунёнинг турли музейлари коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистоннинг ноёб осори-атиқалари ва санъат асарлари жамланган мазкур тўпламларни мамлакатимизнинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов Саксония федерал ўлкаси Маданият ва туризм вазири Барбара Клепшга тантанали тарзда топширди.

Тақдимот маросимида Саксония федерал ўлкаси Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари, музей ва кутубхоналар масъуллари, маданият ходимлари ва элчихона вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз элчиси ҳар бир жилдда дунёнинг турли коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий мероси, ёдгорликлари жамлангани ҳамда "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳасининг мақсади, ҳозирда, Евроосиё, Осиё, Америка, Африка ва бошқа минтақа мамлакатларининг турли музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган мамлакатимизнинг миллий дурдона асарларини илмий ўрганиш ва кенг жамоатчиликка таништириш эканлигини таъкидлади. Ушбу ноёб меросни холисона ва ҳар томонлама ўрганиш, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун долзарб вазифалиги, чунки мамлакатимиз маданияти бутун инсоният меросининг ажралмас қисми ҳисобланиши қайд этилди.

Учрашувда немис томонига август ойида бўлиб ўтадиган Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросими ҳақида маълумот берилди. Ушбу улкан лойиҳанинг биринчи тамал тоши 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қўйилгани алоҳида таъкидланди. "Маълумки, Саксония федерал ўлкасидаги музейларда юртимиз тарихига оид нодир артефакт ва санъат асарлари ҳамда бутун ислом оламининг бой маданияти намуналари сақланади, –деди дипломат. – Марказда ташкил этиладиган кўргазмага Саксония музейларини мамлакатимиз маданий меросига оид экспонат ва коллекциялар билан қатнашишга таклиф қилди.

Учрашувда Марказ ҳақидаги видеолавҳа намойиш этилди.

Ўз навбатида, Барбара Клепш Ўзбекистон ва Саксония федерал ўлкаси икки томонлама ҳамкорлигига тўхталиб, томонлар ўртасида айниқса маданият ва туризм соҳасида истиқболли лойиҳалар амалга ошириш имкониятлари мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан у Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, маданият ва туризм тузилмалари билан яқин келажакда узвий ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Маданият ва туризм вазири учрашув якунида мамлакатимиз элчисига ноёб китоблар учун миннатдорлик билдириб, унинг Германиядаги музейлар ва кутубхоналар коллекциялари учун аҳамияти юқорилигини қайд этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш