Logo

Гранадада "Самарқандга саёҳат: Руй Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур давлатидаги элчилик фаолияти ҳақида" номли кўргазма очилди

Сентябрь 05, 2025. 11:42 • 55 сония

616
Гранадада "Самарқандга саёҳат: Руй Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур давлатидаги элчилик фаолияти ҳақида" номли кўргазма очилди

ГРАНАДА, 5 сентябрь. /"Дунё" АА/. Испаниянинг Гранада шаҳридаги "Андалусия мероси" жамғармаси штаб-квартирасида "Самарқандга саёҳат. Руй Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур давлатидаги элчилик фаолияти ҳақида (1403–1406)" номли кўргазма очилди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Кўргазма ташриф буюрувчиларни Кастилия ва Шарқ ўртасидаги ўрта аср дипломатиясининг энг ажойиб эпизодларидан бири билан таништиради.

Унга Гранада университети профессори Рафаэль Лопес Гузман кураторлик қилаяпти. Экспозицияда элчининг Кадиздан Самарқандга бориши учун Константинополь, Анадолу, Арманистон, Форс ва Трансоксания орқали босиб ўтган йўллари ҳақидаги муҳим маълумотлар асосий ўрин эгаллаган. "Андалусия мероси" жамғармаси коллекциялари, Гранада университети Қироллик касалхонаси кутубхонаси ва Қироллик черкови каби шахсий коллекциялар ва муассасалардан олинган артефактлар ташриф буюрувчилар эътиборига тақдим этилмоқда.

Ташкилотчиларга кўра, кўргазма нафақат нодир экспонатлар билан танишиш, балки, XV аср бошидаги дипломатик мулоқот, маданий алоқалар ва Шарқ ва Ғарбнинг ўзаро идроги тарихига тўхталиб ўтиш имконини беради. Шунингдек, Европа жамоатчилигига Самарқанднинг тарихий аҳамияти, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Евроосиё маконида муҳим роль ўйнаган Темурийлар мероси билан яқиндан таништиради.

Кўргазма 2026 йилнинг 9 январигача давом этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш