Польшанинг Филипов шаҳрида Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва замонавий тараққиётига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди
Август 13, 2025. 11:14 • 2 дақ
• 97
ВАРШАВА, 13 август./"Дунё" АА/. Польшанинг Филипов шаҳридаги маданият ва спорт марказида "Ипак йўли бўйлаб. Ўзбекистон: Леон Барщевский изидан" мавзусида тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

1849-1910 йилларда яшаб ўтган Леон Барщевский машҳур польшалик саёҳатчи, фотограф ва тадқиқотчи ҳисобланади. У йигирма бир йил давомида Самарқандда яшаган. Леон Барщевский ўзидан ўзбек халқининг анъаналари ва ҳаёти, 19-асрдаги тарихий воқеалар ва меъморий ёдгорликларни акс эттирган 3 мингдан ортиқ фотосуратларни ўз ичига олган фотоархивни қолдирди. Тадбир Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан Леон Барщевскийнинг набираси ва унинг архиви эгаси Игор Строецкий билан биргаликда ташкил этилди.
Унда Леон Барщевскийнинг ноёб фотосуратлари ва Игор Строецкийнинг замонавий фотосуратлари орқали Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва меъморий мероси тақдим этилди. Анжуман доирасида Ўзбекистон ва унинг тарихий шаҳарларининг сайёҳлик салоҳияти ҳам намойиш этилди.
Иштирокчилар тарихий алоқалар, жумладан, замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаган поляклар тақдири билан қизиқишда, бу уларга икки маданият ўртасидаги кўп асрлик муносабатларни яхшироқ тушуниш имконини берди.
Игор Строецкий бобоси изидан амалга оширган экспедиция ҳақида сўзлаб берди. Хива, Бухоро ва Самарқандга оид ноёб суратларни намойиш қилди. Иштирокчилар 19-асрдаги тарихий фотосуратларни худди шу жойларнинг замонавий кўринишлари билан солиштириш имконига эга бўлдилар.
Муҳокамаларда музей ходимлари, тарихчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва Филипов шаҳри аҳолиси фаол иштирок этди. Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, қадимий ёдгорликларни таъмирлаш ва сайёҳлар учун яратилган шароитлар ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси