Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида "Цивилизациялар ва кашфиётлар девори" номли экспозиция яратилмоқда
Август 17, 2025. 11:31 • 2 дақ
• 567
ТOШКЕНТ, 17 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейидан ўрин олган асосий экспозициянинг муҳим қисми — "Цивилизациялар ва кашфиётлар девори" номли экспозициянинг қурилиш ишлари якунланаяпти, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Куни кеча Марказда ушбу экспозиция концепцияси юзасидан ишчи гуруҳнинг якуний натижаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бўлимнинг умумий ғояси, экспонатларни жойлаштириш тартиби, этикетаж матнлари ва дизайн ечимлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Қайд этилишича, узунлиги 52 метр, баландлиги 8 метр бўлган мазкур композициянинг "Исломдан аввалги даврлар цивилизациялари" экспозициясида, юртимиз ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган давлатлар, буюк шахслар ва муҳим кашфиётлар замонавий музейшунослик асосида тақдим этилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу бўлимнинг асосий ғояси — Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар, уларнинг моддий ва маънавий мероси ҳамда жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссасини ёритишдир.
Шунингдек, тадбир давомида музейдаги ҳар бир экспонатнинг номи, тарихий даври, топилган ҳудуди ва экспозицион ёритилиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
– Олимларимиз билан қилинган муҳокамаларга кўра, мазкур экспозициядан ўрин оладиган ҳар бир манбанинг номи, ҳудудий, даврий мансублиги, асл нусха ёки кўчирма эканлиги аниқ кўрсатилиши керак, – деди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Обид Тангиров. – Бу ташриф буюрувчилар учун маълумотни янада равшан ва қизиқарли қилади.
Бундан ташқари, муҳокамалар жараёнида археологлар билан ҳамкорликда ҳар бир экспонатнинг илмий тавсифи, тарихий манбаси ва музейдаги аниқ жойлашуви бўйича маълумотлар тайёрланаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, экспонатларнинг асл нусхаларини асраб қолиш ва уларни хавфсиз шароитда намойиш қилиш мақсадида махсус муляжлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
"Цивилизациялар ва кашфиётлар девори" экспозицияси нафақат тарихий маълумотларни тақдим этади, балки ташриф буюрувчиларга ўтмиш нафасини ҳис этиш, аждодлар меросини янгича тажрибада кашф этиш имконини беради. Шунингдек, бу лойиҳа юртимизнинг бой тарихий меросини замонавий музейшунослик талаблари асосида келажак авлодга етказишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси